Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Япония ҳукумати коронавируснинг «омикрон» штамми туфайли доимий резидент бўлмаган хорижликларнинг мамлакатга киришига қўйилган тақиқни февраль охиригача узайтиради. Бу ҳақда Япония бош вазири Фумио Кисидага таяниб, «Интерфакс» хабар берди.

Фото: Getty Images

Фото: Getty Images

«Омикрон’ билан боғлиқ бу ердаги ва хориждаги вазият бир-бирдан фарқ қилади, шунинг учун чегара назорати бўйича амалдаги шартлар февраль ойи охиригача сақланиб қолади», — деган Япония вазири.

Аксарият тоифага мансуб хорижий фуқароларнинг мамлакатга киришини тақиқлаш 2021 йилнинг 30 ноябрида Японияда «омикрон» штамми билан касалланишнинг илк ҳолатлари тасдиқланганидан сўнг жорий қилинган ва дастлаб бир ойга режалаштирилган эди.

Чет элда бўлиб қайтган Япония фуқаролари ва мамлакатда доимий резидент бўлган хорижликлар ҳукумат томонидан махсус ажратилган жойларда карантиндан ўтиши шарт этиб белгиланган. Японияга киритиладиганларнинг кунлик сони 3,5 минг киши билан чекланган.

Аввалроқ Таиланд чет эллик сайёҳлар учун деярли барча туристик манзилларини ёпгани, Хитойда коронавирус туфайли яна бир шаҳар локдаунга ёпилгани ҳақида хабар берилганди.

Нидерландия ҳукумати «омикрон» штамми тарқалиши туфайли Европа Иттифоқи мамлакатлари орасида биринчи бўлиб локдаун жорий қилганди. Шунингдек, Германия «омикрон» штамми туфайли британияликларнинг мамлакатга киришини чеклаган.

Эслатиб ўтамиз, Исроил «омикрон» штаммининг тарқалишини олдини олиш мақсадида дунёда биринчи бўлиб чет эл фуқаролари учун 2 ҳафтага ўз чегараларини ёпиб қўйганди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар