Угандада 10 январь, душанба куни барча мактаблар 2020 йил март ойидан бери биринчи марта қайта очилди. Шу тариқа коронавирус пандемияси туфайли ўқувчилар учун дунёдаги энг узоқ давом этган карантин ниҳоясига етди, деб ёзмоқда Associated Press.
Нашрнинг ёзишича, Угандадаги таълим муассасалари 83 ҳафтадан кўпроқ вақт давомида ёпиқ бўлган. Бу даврда 10 миллионга яқин ўқувчилар фақат бир марта – 2021 йилнинг февраль ойида мактабларга қайтганди. Бироқ июнь ойида болалар яна мажбурий таътилга чиқарилди, чунки ўшанда мамлакатда COVID-19 рекорд даражада ўсган.
Энди мактаблар қанча вақт ишлаши ҳозирча номаълум — ҳозирда яна Угандада коронавирус билан касалланганлар сонининг ортиши қайд этилган. 2022 йилнинг бошидан буён мамлакатда кунлик касалланишлар сони декабрь ойига нисбатан 10 фоизга ошган.
Мамлакат президенти Йовери Мусевенининг сўзларига кўра, агар реанимация бўлимларининг ярмидан кўпи касалланган беморлар билан тўлса, карантин қайта тикланиши мумкин.
Бу орада Уганда Таълим вазирлиги қисқартирилган ўқув дастурини тасдиқлади, унга кўра, ўқувчилар автоматик тарзда кейинги синфга ўтказилди.
Аввалроқ Испанияда очиқ ҳавода дарс ўтишга мўлжалланган пляж мактаби очилгани, Португалияда икки ойлик қатъий карантиндан кейин мактаблар қайта очилгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)