2020 йилнинг 9 август санасида Беларусда президент сайловлари ўтказилганди. Расмий хабарларга кўра, пойгада Александр Лукашенко 80 фоиздан ортиқ овоз тўплаб, ғолиб бўлди. Бироқ натижалар эълон қилинганидан сўнг бутун мамлакат бўйлаб мисли кўрилмаган намойишлар бошланиб кетган. Уларнинг энг гавжуми (Минскда) юз минглаб одамлар иштирокида ўтган — бунақаси ҳали Беларусь тарихида бўлмаганди. Намойишлар кенг кўламли қатағонларга уланди, минглаб жиноий ишлар очилди. «Meduza» намойишларда илк кунлардан бошлаб қатнашиб келган иштирокчилар билан ҳодисалардан аввал ва кейин суҳбат уюштирганди. «Дарё» уни ўзбек тилига таржима қилди.
Анна,исми ўзгартирилган
2020 йил 9 августни яхши эслайман. Унгача сайловолди кампанияси билан боғлиқ барча босимларни бошдан кечирган бўлсак-да, ўша кунга катта умид боғлагандик. 9 августгача Окрестинада (Минскдаги ҳибсхоналар мажмуаси жойлашган Окрестина кўчаси назарда тутилмоқда — «Дарё» изоҳи) бўлишга улгургандим, лекин маҳбус сифатида эмас, ёзги намойишлар вақтида қўлга олинган танишларимни кўриш учун боргандим.
Ўтган йилнинг ёзигача иккита параллел Беларусь давлати борлигига ишонардим. Бири —қаҳва ичиб, дам олиш кунлари Вильнюсга бориб, у ердан Европага арзон чипталарда учиб, кейин эса ким қаерда бўлганини ҳикоя қилиб берадиган одатий мамлакат. Керак бўлса, (ҳуқуқ ҳимоячилари ва сиёсатчиларга) жонимиз қурбон бўсин. Европанинг энг гўзал шаҳрида яшаймиз.
Давлат тизими ўз қиёфасини йўқотган бошқа бир Беларусь ҳам бор — бюрократик, мураккаб, ташаббусдан нафратланувчи. Биз у билан деярли тўқнаш келмагандик ва мендаги норозиликлар асосан эстетик мазмунга эга эканлигига ишонардим. Тўғри, эрксизлик ҳисси мавжуд эди — у доим бўлган, тушунтириб бериш қийин, айниқса, Минскда кўчалар қандай озода эканлигини-ю қандай фаровон юртда яшаётганимизни оғзидан бол томиб мақтовчиларга. Лекин, умуман олганда, мен бу тузумга таъсир ўтказиб бўлмайди деб ҳисоблардим. Ўтган йили кўзим очилди: нимадир қилиш мукинлиги, зарурлиги ва бу қонуний ҳуқуқимиз эканлигини англадим.
Сайловга куч-шижоатга тўлиб келдик. У биз фуқаролар учун ўтказиляпти, деган ўйда эдик. Бу давлатимиз ҳимоя қилиши керак бўлган ҳуқуқ ва манфаатларимиз эди. Бу тушунча жуда тез — сайловолди компанияси вақтида шаклланди.
Эрим иккимиз эрта тонгда бориб, овоз бердик. Мустақил ҳамжамият тавсия қилган барча зарурий ашёларни ўзимиз билан олиб келгандик. Оқ билакузукни тақдик, бюллетенларни суратга олдик ва овозни қайд эттириш учун чатботга юбордик. Мактабдаги сайлов участкасидан чиқариб юборилган мустақил кузатувчиларга «Ғалаба» ишорасини кўрсатдик. Шундан сўнг натижаларни кутишга кетдик.
Тунда одамлар натижаларни билиш учун мактабга йиғилди. Бироқ натижалар чиқмади. Ҳовлида узоқ турдик. Эркаклардан бири мажлислар залида нима бўлаётганини кўриш учун девор устига чиқди. Жараён давом этаётгани аниқ эди, бироқ маълумотлар нима учун эълон қилинмаётгани ғалати. Ўзимизни қандайдир махфий ҳодисани кузатаётган жосуслардай ҳис этардик.
Бир пайт одамлар ёпиқ эшикларни тақиллатиб, натижалар қачон эълон қилинишини сўрай бошлади. Жавоб узоққа чўзилмади.
Орадан роппа-роса беш дақиқа ўтиб, мактаб ҳовлисига автобус кириб келди ва ундан бир нечта ОМОНчилар югуриб тушди. Шаҳарда қўлга олиш жараёнларига гувоҳ бўлгандик, аммо нима учундир бу ерда — одамлар қариндош-уруғи билан бирга келган мактаб ҳовлисида кўриб, қўрқиб кетдим.
Ортга қарамай қочдик. Бир ерда нафас ростлаб олиш учун тўхтаб, биз билан бирга қочган болалар билан танишдик. Маълум бўлишича, улар бизнинг участкамизда мустақил кузатувчи сифатида қатнашаётган қўшниларимиз экан. Натижаларни биргаликда кутишга қарор қилдик.
Ўша вақтда натижа чиқмаслигини ҳали англаб етмагандик. Мустақил кузатувчи бўлган бу йигитлар ҳукумат кузатувчиси сифатида ишлаётган бир қиз билан танишишди. Уни овозларни санаш учун мажлислар залига киритишган ва комиссия раиси участкамиз натижаларини айтаётганини диктофонга ёзиб олганди. Светлана Тихановская ғалаба қозонганди. Аммо ўша куни ҳам, эртасига ҳам натижаларни билолмадик.
Бу орада шаҳар марказидан узуқ-юлуқ хабарлар кела бошлади. Биз у ерда қандайдир даҳшатли нарса содир бўлаётганини тушундик. Тонгда маълум бўлдики, эримнинг акаси кўплаб бошқа одамлар сингари тунда уйига қайтмабди. Уни қидиришга тушдик.
Кун бўйи компьютер қаршисидан турмадим — гоҳ кимгадир ёзар, гоҳ изоляторларга, милиция бўлимларига, судларга тинимсиз қўнғироқ қилардим. Телефонни деярли ҳеч ким кўтармас, жавоб берганлари ҳам бир-бирига зид маълумотларни айтарди.
Эрим шаҳарни кезиб, акасини топишга ҳаракат қилди. Ота-оналар Окрестинадан ҳеч қаёққа жилмай суткалаб кутди. У ерда кўнгиллилар гуруҳи ташкил этилган бўлиб, исмсиз қаҳрамонлар озод этилган кишилар учун қўлидан келган ёрдамни кўрсатаётганди. Силласи қуриган одамлар ўша заҳоти кийимини алмаштириб, еб-ичиб, чекиб, қўнғироқ қилиб олиш имкониятига эга бўлмоқда эди. Одамларни керакли манзилга, шу жумладан, бошқа шаҳарларга ҳам элтиб қўйишни истаган кишиларнинг узундан-узун навбатларини эслайман. Тизим мукаммал даражада ишлаётганди ва энг ажабланарлиси, у узоқ давом этди.
Эримнинг акасини тўртинчи куни топдик. У судланиб, жазони (маъмурий жавобгарлик) ўташ учун Минск яқинидаги Слутск шаҳрига юборилган экан. Кейин уни қўйиб юборишибди. Тиббий кўрик бош-мия жароҳати ва юмшоқ тўқималар шикастланиши борлигини кўрсатди.
Ўша Минск августидаги барча қўрқинчли манзарани Слутскда турмадан чиқиб келаётган кишиларни учратган вақтда жонли равишда кўрдим, дея оламан. Бундай шафқатсизликни нима билан оқлаш мумкинлигини билмайман.
Маршлар ва ҳибсга олишлар давом этаётганда кўнгиллиларга жўнатмалар учун уй-рўзғор буюмларини йиғишда ёрдам беришга уриндим. Тиш чўткалари, совун, прокладкалар – ўзингни одамдай ҳис қилиш учун зарур бўлган энг асосий буюмлар. Кўнгиллилар озиқ-овқат, чойшаб, бўяш учун қоғозлар, сканвордлардан иборат, йирик миқдордаги жўнатмаларни тайёрлашди. У маҳбусларга етиб борганми ёки йўқ, агар етиб борган бўлса, унда қандай кўринишда, билмадим.
Бундан ташқари, ҳар якшанба шаҳар бўйлаб маршларга чиқардик. Бу – мавжудлигимизни кўрсатувчи, қўлимиздан келадиган ягона усул деб билардик. Ичимда оила ва дўстлардан кўра каттароқ гуруҳга мансублик ҳисси жўш урарди. Сен билан бир ҳудудда яшовчи ва бир хил қадриятларни баҳам кўрувчи одамларга алоқадорлик туйғуси. Сен улар учун қўрқувни енгиб, кўчага чиқишга тайёрсан. Бу жуда кучли ҳиссиёт — қойилмақом даражадаги рок-концертга ҳам, севимли жамоангнинг ғалаба қозонишига ҳам ўхшамайди. Агар бу каби зулмат ичида зарра ёруғлик топишнинг имкони бўлса, унда у ўша ердан топилади. Атрофда содир бўлаётган воқеаларга қарамай, биз нақадар кўплигимизни кўрдик, барчамиз бирга эканимизни англадик.
Содир бўлаётган воқеалар эса даҳшатли эди. Якшанба кунлари интернет ўчириларди. Одамлар хавфсиз жойда эканлиги тўғрисида фақат уйга етиб олганидан сўнг хабар бера оларди. Кейин ҳибсга олинганлар рўйхатини текшириб, орасида танишлар бор ёки йўқлиги аниқланарди. Ҳаракатлар тартиби тез шаклланди: биринчи бўлиб кимга қўнғироқ қилиш керак, нима қилиш керак, нимага эътибор қаратмаслик керак. Мен қўлига адвокатларнинг телефон рақамини ёзиб олган қизларни кўрдим. Жуда кўплаб шунга ўхшаш лайфхаклар пайдо бўлди.
Ёзда ва куз бошларида ҳам тўғри йўлдалигимизни ҳис қилиб, илҳомланаётгандик. Ишончимиз шу қадар аниқ ва адолатли эдики, панд бериши мумкин эмасди. «Тўсиқлар яксон қилиниши» муқаррар эди.
Ноябрга келиб, ҳаммаси ўзгарди. Якшанба маршлари камайди. Ҳукуматга қарши чиққанлар суд қилина бошланди. Йирик миқдорда жарималарга тортилиш авжига чиқди. Одамлар мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди. Роман Бондаренко ўлдирилди. Ақлга сиғдириш ўта қийин бўлган, даҳшатли янгиликларнинг қора тўлқини эди бу. Шу алфозда қиш ҳам ўтди.
Баҳорда бефарқлик бошланди. Навбатдаги одам (турмага) кетар, қамоқ муддати яна узайтириларди. Одамлар бу офатнинг охири йўқлигига кўникиб қолди — эртага улар яна ҳужум қилади: давлат ихтиёрига зид бошқа ҳаракат йўққа чиқарилади, болалар хосписи (тиббий-ижтимоий фаолият – таржимон) жаримага тортилади, бизнес эгалари ҳибсга олинади ва уларга қарши жиноий иш очилади. Буларнинг барчаси одамларнинг таноби қаттиқ, жуда қаттиқ тортиб қўйилаётгандай тасаввур уйғотарди. Норозиликнинг ҳар қандай кўриниши, деразага оқ қоғоз илиб қўйишгача, жазосиз қолмасди.
Роман Протасевич қўлга олинган пайтда кетишим кераклигини тушундим. Ҳукумат ҳеч нарсадан қайтмаслиги аён бўлди. Биз бу курашда демократия, инсонпарварлик, виждон, билим, ахлоқ тамойилларига амал қилардик, аммо қарши томонга бу тушунчалар ёт эди. Улар учун на қоғозга битилган қонун, на ички ахлоқий меъёр бор эди.
Ҳаётим қўрқув ичида ўтиб кетаётгани қаттиқ чўчитади. Кўнглим буюрганини қилолмайман. Таъқиблардан қўрқаман. Ўз ватанимда яшаш мен учун азоб. Лекин нимадир мени ушлаб туради ва кўч-кўронимни йиғиштиришга қўймайди. Гўё, кетсак, улар ғалаба қозонадигандек... Биз ҳеч кимга керак эмасмиз. Шу фикр билан юзма-юз қолгим келмайди. Юрагимнинг чуқур ерига ўрнашган Беларусь сабаб ожизликни бўйнимга олиб, чиқиб кетолмайман.
Андрей Остаповичсобиқ терговчи, истеъфодаги Беларусь хавфсизлик хизмати кучларини бирлаштирган BYPOL ҳаракати асосчиси.
2020 йилнинг 9 августида ҳалиям тергов қўмитасининг Минск шаҳар бўлимида ишлаётгандим. Эрталабки саккиздан бўлимдаги шахсий таркибнинг барча аъзолари «куч йиғиш» муносабати билан иш жойига тўпланганди. Шахсий таркиб ва раҳбарият ўз хоналарида эди. Терговчиларни воқеа жойига юборишга тўғри келиб қолса деб, шай тургандик ва шу баҳона бинони гўё қўриқлаётгандик. Тўғри, бизда қурол тугул, ҳатто резина таёқ ҳам йўқ эди, бу ҳам етмагандай, шахсий таркибнинг сал кам 60 фоизи — аёллар.
Ўша куни биринчи марта VPN ва телеграм ўрнатиб, Nexta (Telegram канал)га аъзо бўлдим. Аммо интернет, эл қатори бизда ҳам ўчирилганди. Туманимиз чекка ҳудудда жойлашгани учун ҳаммаёқ осуда — ўша куннинг асосий воқеалари бошқа ҳудудларда бўлиб ўтганди. Улар ҳақида фақат интернет ёнганидан кейин хабар топдик. Сайловнинг ўзига келсак, муддатидан аввал овоз беришга бормадим (нималар бўлаётганини яхши англардим), «қўшимча кучланиш» кунида эса бинони тарк этиб бўлмасди.
16 августгача ҳар куни ишга қатнаб турдим. Яна «қўшимча кучланиш» бошланганди, аммо биринчи навбатда (норозилик ҳаракатларини бартараф қилишга) ОМОН ва милиция жалб этилганди. Бизни, ҳатто, якшанбаданам эртароқ қўйиб юборадиган бўлишди. Шу туфайли кечки митингларга қатнаша олардим.
15–16 август кунлари суткалик навбатчилигим бор эди. Хавфсизлик кучлари ўша пайтда тузум қулаши мумкинлигидан қўрқарди. ОМОНчилар жиноятлари изини тозалаб, видеокамералардаги ёзувларни ўчириб, воқеа жойига кела бошлади. Одамлар юрак ютиб, (хавфсизлик кучлари томонидан) етказилган молиявий зарар ва тан жароҳатлари тўғрисида баёнотлар ёза бошлади.
Мен ҳам воқеа жойига шундай баёнот билан келдим. Йигитнинг ота-онаси ўша ерда эди, ўзи эса касалхонага ётқизилганди. Шиналари тешилиб, ойналари синдирилган машинани кўздан кечираман — автомобиль кузови қонга беланган. 15 дақиқадан сўнг фуқаролик кийимидаги одам келиб: «Мен генерал фалончи номидан келдим, жабрланганлар билан гаплашишга буйруқ олганман», — дейди. Жабрланганлар билан суҳбатлаша бошлайди: «Сиз кўрган барча зарарни қоплаб берамиз, ариза ёзманг». Шу билан муаммо ҳал бўлади. Сен эса нима қилишни билмайсан. Бошлиққа ҳисобот берасан ва у: «Мен нима қилишни билмайман. Истасанг, тасвирга олишинг мумкин», — дейди.
Кечки еттида сафардан қайтиб келдим. Тўппончамни ечиб, сейфга қўйдим ва бир қарорга келишим кераклигини тушундим.
Якшанба, 16 августда ҳукуматни қўллаб-қувватловчи митинг бўлиши керак эди. Вайбердаги ишчи гуруҳда бизнинг боришимиз кераклиги ҳақида ёзишди. Рўйхат тузилгач, бошлиққа митингга боришим ҳақида айтдим, лекин унисига эмас, балки кечроқ бўладиганига (яъни, норозилик намойишига). У мени ҳазиллашяпти деб ўйлади ва уйга кетишимга рухсат берди, чунки бир суткадан бери ишда эдим. Ишдан бўшаш тўғрисидаги аризани кабинетимда қолдириб, (ҳукуматга қарши) митингга йўл олдим.
Эртаси куни Россиядаги танишларим ёнига кетдим – бир неча кун ўйланиб юрдим (хавфсизлик кучлари Андрейни Россиядан Беларусга қайтариб олиб келган, кейин у Польшага қочиб кетган, — «Meduza» изоҳи). Ўшанда ғалаба муқаррардай кўринарди. Бу ғалабага менинг ҳам ҳиссам қўшилишини истагандим, асосий оруйим эса тузум жиноятларига шерик бўлмаслик эди.
Қочиб юрган пайтимда энг қийини 27 соатлик (Беларусдан Польшага) ўтиш бўлди. Масофа кичик эмас, адашиб қолдим. Ҳолдан тойдим. Йўлнинг ярми ортда қолганди, бутун танам сирқираб оғрирди. Ичим ғазабга тўлиб кетиб борар, менга шундай муносабатда бўлган тузумдан, қўпол қилиб айтганда, қандай қасос олишим ҳақида хаёлан режалар тузиб, мушаклардаги оғриқдан чалғишга уринардим. Кейинчалик ўша ғояларни қисман амалга оширишнинг уддасидан чиқдим.
Мен бегона мамлакатдаман, тилини билмайман. Нима қилиш керак? «Беларусь бирдамлик маркази»га кўнгилли сифатида бордим ва BYPOL ҳам ўша ерда шакллана бошлади. Қочишга мажбур бўлган яна бир хавфсизлик ходими марказга мурожаат қилган экан. У билан гаплашдим, лекин у ташаббусга ишонмади ва кетди. Лекин унга ўхшаганлардан яна бўлиши мумкинлигини сездим. Матбуот анжумани ўтказдик ва бир неча киши жавоб қайтарди. Ҳали тизимда ишлаётган ва кетиш ё кетмаслик ҳақида иккиланаётган орган ходимларини ёки аллақачон кетиб, таъқибга тушган кишиларни бир ерга жамловчи ташкилот туздик.
Жамоа аста-секин шаклланди. Кейин бизга (хизматдаги хавфсизлик кучларидан) маълумотлар кела бошлади, телеграмда канал очиб, уларни ўша ерга жойлаб бордик. Бундан ташқари, намойишлар ҳам авжига минди. Одамлар ғалаба қозонишни истарди – шу жумладан, хавсизлик хизмати блокидагилар ҳам. Маълумотлар кўп эди ва улар ёрдамида шов-шувларга сабаб бўлган тергов ишларини олиб боришнинг уддасидан чиқдик. Бондаренко, Тарайковскийнинг ўлдирилиши бизни машҳур қилди. Менинг ўтмишим ҳам бошда ташкилотимизни тарғиб қилишда ёрдам берди.
Қишнинг бошларига бориб (2021 йил) ўтиш даври бошланди. Қатағонлар ва жиноий таъқибларнинг фаол босқичлари, ҳаммани бирваракайига ҳисоблаб чиқишлар ҳали бошланмаганди. Ҳукумат намойишларни энди-энди бартараф қилаётганди. Улар нафасини ростлаб олиши керак эди. BYPOL бу вазиятдан яхши фойдаланиб қолди. Аудиоёзувлар, тергов ишлари кучайди. Бу ҳаракатлар тузумни баҳоргача босим остида ушлаб турди. Ҳукумат кейин, сайловгача бўлган тинчликни қайтариш учун маъжозий қилиб айтганда, муштларини сиқа бошлади.
Иложсизлик уларни (ҳукуматни) ғазабга келтиради ва улар хатоларга йўл қўя бошлайди — Протасевич, олимпиада ва ҳоказо. Ўйлайманки, тузум ўзини ўзи чўктиради. У ўз аҳамиятини ва обрўсини йўқотган. Уни ҳеч ким тан олмайди. Ҳатто ҳозир қўллаб-қувватлаётганлар ҳам эртами-кеч унинг барҳам топишини тушунади.
Мен BYPOLдан кетдим. 17 ёшимдан бери погон тақаман. Аввал ИИВ академиясида ўқидим — бу нафақат олий маълумот олишни, балки ҳарбий хизматни ҳам англатади. Шундан сўнг тергов қўмитасида беш йил ишдан бошқа ҳеч нарсани кўрмадим. Ниҳоят, эркинликка эришганингда ҳеч қандай буйруқ сени ортиқ ўрнингдан қўзғатолмайди. Зиддиятлар юзага келиб, (ҳаракатнинг бошқа аъзолари билан) баъзи фикрлар бўйича келишмовчиликларга бора бошлаганимиз заҳоти ўзим яратган тизимни ташлаб кетдим. Ташкилот самара беряпти, ҳаракат ўз ишида давом этяпти, қонли тузумга қарши курашяпти. Рулда ким эканлиги муҳим эмас, асосийси – натижа. BYPOL ғалабага катта ҳисса қўшиши мумкин.
Мен энди оддий ҳаётга қайтдим. Эҳтимол, 17 ёшимдан бери илк бор. Нималар билан бандлигимни ҳеч ким билмаслиги мени қониқтиради. На эски танишларим, на янгилари. Бу менга мухолифатчиларни овлашга киришган ҳукумат қаршисида устунлик ҳиссини беради. Ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёзган пайтимда шундай ташкилот пайдо бўлиши ва мен бир муддат ОАВ юлдузига айланишим ҳеч кимнинг хаёлига келмаган. Лекин шундай бўлди: қаердадир таслим бўлмадим, қаердадир қўлимдан келганича ҳаракат қилдим, қаердадир бизнинг диаспора ва бошқаларнинг кулфатига бефарқ бўлмаган кишилар ёрдам қўлини чўзди. Кейин, ОАВда довруғимиз ошиши билан ташкилот тузишга имкон топилди: одамлар биз томон интила бошлади, чунки биз чинакам хавфсизлик хизматининг ҳалол меҳнатини намойиш қилдик.
Ўзимни сиёсатдан кетгандай ҳис қилмаяпман. Сиёсатда ҳеч қачон бўлмаганман. Унга киришга айтарли даражада ҳаракат ҳам қилмаганман. Бу тузумни ёқламайдиган ҳар бир одам шахсий манфаатларини озроқ четга суриб, қўлидан келган ишнинг ҳеч йўқса бир қисмини амалга оширганида, ўйлайманки, аллақачон ғалаба қозонган бўлардик. Бу гап, айниқса, хавфсизлик кучларига тегишли. Уларнинг орасида тузумни ёқламайдиганлар кўп эди, лекин улар шунчаки томошабин бўлишни маъқул кўрди ёки ўзини бу жиноятларга аралашмаётгандек оқлади, аммо бу қимматга тушиши мумкин.
Инна Зайцэвасайлов кузатувчиси, намойишларнинг фаол иштрокчиси
Мен сайлов участкамизда рўйхатдан ўтган ягона мустақил кузатувчи эдим. Ўз мактабимда — Минск шаҳрининг Сокол микрораёнида кузатувчилик қилдим. У ердаги ҳаммани танирдим. Барчалари мен билан илиқ муносабатда бўлишди, ҳеч ким хафа қилишга ёки четлатишга уринмади. Улар сайловга келганлар сонини кўпайтириб ёзмас, барчасини кузатувим остида текширишарди. Асосий сайлов кунигача ҳаммаси ажойиб бўлди.
Ўша куни сайлов комиссияси раиси овозларни ҳисоблашда қатнашмаслигимни айтди. Унга: «Ахир, участкангиздаги ягона мустақил кузатувчиман. Қолганларнинг ҳаммаси мактаб ўқитувчилари. Айни дамда мени бу ердан чиқариб юборишингиз аҳоли орасида сиз ҳисоблаб чиққан натижаларга нисбатан ишончсизликни туғдиришини биласиз. Ўзингизни жуда яхши тутдингиз, сизни фақат мақташим мумкин», – дедим. Аёл бунинг аҳамияти йўқлигини айтди.
Шунда ҳамма иш биз истагандек ёқимли бўлавермаслигини тушундик. Бизни кечки саккизда қувиб чиқаришди. Мактаб эшиклари ёнига фуқаролар йиғилди, 400 нафарча чиқади. Мактаб атрофида айланар, натижаларни кутар, деразалардан мўралардик. Лекин ҳисоб-китоб олиб борилаётган жадвал нарига суриб қўйилганди. Комиссия аъзолари миллион доллар ўғирлаб, сўнгра уни бўлишиб олаётган кишиларга ўхшарди.
Қонунга кўра, сайлов натижалари кўзга кўринадиган жойга илиниши шарт эди. Улар буни пайсалга соларди. Биз: «Натижани кўрсатинг!» — деб шовқин солдик. Табло илинди. Биз аввал: «Яшасин! Тихановская ютди!» — дедик. Кейин яхшироқ қарасак, 50 та овоз фарқ билан? холос. Шошманг-чи! Сайловчиларнинг 90 фоизи оқ кийимда, оқ билакузукда чиққан бўлса! Лукашенко қандай қилиб 50% овоз тўплай олиши мумкин?
Ғалаён кўтардик, улар мактабни ёпиб қўйишди. Шу орада комиссия раиси уларни қўриқлаётган полициячи ҳамроҳлигида орқа эшикдан чиқиб, бюллетенларимиз билан машинага сакраб чиқди ва кетди. Биз лол қолдик. Ахир, ҳаммаси ўзимиз таниган ўқитувчилар. Мана бу «мент»лар ҳам Соколда яшайди. Бизни роса аҳмоқ қилишди.
Бу адолатсизликдан норози кайфиятда тарқалдик. «Бечора» ўқитувчилар фақат шундан сўнггина мактабдан чиқа олди. Уларнинг қаршисида маргиналлар тўдаси эмас, балки болаларини етаклаб олган оддий одамлар турган бўлса-да, биздан қаттиқ қўрқишарди.
Ўша вақтда шаҳарга боришга мадорим қолмаганди. Биз бошқа участкадаги мустақил сайловчилар билан бироз суҳбатлашиб, сўнг ухлагани кетдик. Эртаси куни интернет ўчирилиб, миш-мишларга барҳам берилган, изоляцияланган мамлакатда уйғондик. Ҳамма бир-бирига қўнғироқ қилиб: «Калтаклашди, уришди, отишди», — дейди. Сайловгача биз Лукашенконинг қувғин қилиши ёки қилмаслиги устида баҳслашгандик. Кейин билсак, у қувғин қилиш билан чекланмас экан, балки ўлдираркан ҳам.
10 августда марказда бўлиб, ҳаммасини кўрдим, бошқалар билан бирга (хавфсизлик кучларидан) қочдим. Эртасига шаҳар айланиб, кўзёш тўкдик — шу билан норозилик намойиши ҳам тугаётгандек эди. Минск бўм-бўш эди, буткул тозалаб ташланган. Одамлар уйидан ташқарига чиқишга қўрқарди.
Биринчи якшанба марши эълон қилинганда ундан арзирли бирор нима кутмай, қатнашишга чиқдик. Шу пайт метрода оқ тасмалилар жуда кўплигини пайқаб қолдик. Метродан чиқиб, кетяпмиз. Атрофдагилар хурсанд, кимдир ҳалитдан бақира бошлади: «Яшасин, Беларусь!». Тўсатдан оқ кийимдаги, миллий байроқ кўтарган одамлар уммонига кўзимиз тушди.
Кейинги босқич — ғолиблик нашъаси. Ғалаба қозонганимизга амин эдик. Бир ёқадан бош чиқарган шунча одамни енгиб бўлмайди, деб ўйлардик. Мана, ҳозир Григорич (Лукашенко) телевизорга чиқиб, таслим бўлганини айтади. Ҳокимиятни ортиқ эгаллаб туролмаслигини тан олади ва жуфтакни ростлайди. Шундай хаёлларга бордик.
Лукашенконинг кетиш нияти йўқлигини тез орада тушундик. Аммо атрофидагилардан кимдир унга шундай талаб қўйишини кутдик. Боши билан урушиб қолмаганлар унга: «Григорич, сен кўп ўтириб қолдинг», — дейди. Норозилигимизни билдириш баробарида шуни кутардик. Ижтимоий тармоқларда ёздик, оқ кийим кийдик, митингларда қатнашдик ва қандайдир ўзгариш бўлишини кутдик.
Бироқ Лукашенко ўзини тобора жанговор одамлар билан ўраб олаётганди. Улар (норозиликни бостиришдан) бошқа чораси йўқлигини тушунарди. Ер юзида уларга доимий яшаш учун борадиган жой йўқ. Шу боис, ҳеч бири кетмади.
Мен эса келинчаклардай оқ-қизил-оқ тўй кўйлагида намойишларга чиқишда давом этдим. Бу амалдаги ҳукуматга қаршилигимни кўрсатишнинг ажойиб усулидай бўлиб кўринди. Акцияларда қатнашаётган эканман, бошимга таёқ билан уришлари ёки бир суткага қамаб қўйишлари мумкин экан, демак, шунча ҳаракатларим бежиз кетмаслиги керак, деб ўйлардим.
Маршлар саҳналаштирилган босқичдан ўтиб, ростакамига хавфли тус олган вақтда «шахс сифатида улғайдим». Устимдан зар сочса ҳам, кўйлагимни ечмасликка қарор қилдим. Атрофида нималар содир бўлаётганига қарамай, бир нарсага ҳақли бўлган инсоннинг қатъий ишончи эди бу. Қандай кийимда юришни истасам, шунда юришимни, ҳеч ким буни менга тақиқлай олмаслигини баралла айтдим.
Шундан сўнг мени ҳибсга олишди. Шароитлари ажойиб ВСИ (вақтинчалик сақлаш изолятори)да уч кун яшадим. Орган кучлари ҳамдардлик билан муносабатда бўлди. Улар мени пушти VIP-камерага жойлаштириб, ҳар икки соатда чектирди, яхши овқатлантирди, доим мулойим оҳангда гаплашди ва ҳатто қўшимча сигарет ҳам берди.
Оқ-қизил-оқ кўйлакли келин нафақат намойишчиларга, балки қарши томондаги ҳамдард юракларга ҳам маъқул келганини тушундим. Лекин кўйлагимни суратга олиш керак деган баҳона билан олиб қўйишди. Кейин қайтариб беришмади. Охир, ВСИъдан яланғоч танамга леггинс (лосиня) ва баллонли куртка кийиб чиқдим. Биринчи кўйлак ҳикояси шу билан тугади.
Аммо ўжарлигим қўймади. Иккинчисини сотиб олдим, уни ҳам худди ўшандек рангга бўяб, юришда давом этдим — туман маршларида қатнашардим асосан. Чунки катта маршларга чек қўйилганди. Жасур милициячиларимиз менга протокол тузишдан чарчагунига қадар юришдан тўхтамадим. Тўққизта протокол тузилди ва уч марта судландим. Улар қатъиятимдан ҳайратланмай қўйдилар ва бунинг учун мендан гина қила бошладилар.
Эрим иккимизнинг Минск яқинида ҳам уйимиз бор эди, уйда оқ-қизил-оқ рангли байроқ илинганди. Уйнинг бутун фасадига катта қилиб «Мен/биз 97 %» деб ёзиб қўйилган. Бу ишни ким қилганини айтишдан бош тортдик — ўзимиз ва яқин қариндошларимизга қарши гувоҳлик бермасликка ҳақлимиз. Бу ўйин уларнинг (хавфсизлик кучларининг) ҳам жонига тегди, бизни милиция бўлимига чақиришди. Эрим сумкасини илиб, тайёр турарди. Уни дарҳол Окрестина (тергов ҳибсхонаси)га юборишди, менга эса очиқчасига болаларимга энага топишларини айтишди: «Инна Олеговна, биз сизга раҳмдиллик қилишдан чарчадик, ўзингизни босиб ололмаяпсиз. Сиз ё жим бўласиз, ё овозингиз тиниб, эрингизнинг ортидан жўнайсиз».
Эрим билан бу борада бир қарорга келгандик, шунинг учун болаларимни олиб, тўрт кундан кейин мамлакатдан чиқиб кетдим. Бахтли юлдуз остида туғилганимга ишонч билан янги йилни Киевда кутиб олдим. Ҳаммаси силлиқ кечди: бўлиб ўтаётган воқеаларга нисбатан норозилигимни баралла айтишга ва айни дамда соғлигимни ҳамб озодлигимни ҳам сақлаб қолишга муваффақ бўлдим. Беларусдаги исёнчиларнинг ҳаммаси ҳам бунга эриша олмади. Лекин, аслини олганда, улар истамаган кийимни кийганим учунгина мени уйимдан маҳрум қилишди.
Кетганимдан сўнг оиламиз билан бутунлай алоқа узилди. Гарчи норозилигимни давом эттираётган бўлсам-да, кордон (ҳарбий соқчилар отряди – таржимон) туфайли энди овозим у қадар баланд чиқмаяпти.
Украинадаги бир қишлоқдан бежиримгина уй сотиб олдик. Бутунлай кўчиб келдик. Шунда ҳам, келгуси йилда реабилитация қилинишга эришишимиз керак деган қарорга келдик. Натижаси кўзга кўринадиган нимадир қилиш зарур. Ахир, норозилик намойишларига жуда катта куч сарфланди, турмуш тирикчиликларини бутунлай четга суриб қўйдик. Олти ой намойишларда қатнашдим. Бу ўз фарзандаларим ва она юртим олдидаги бурчим эканлигига ишондим — қўлимдан келган ҳамма ишни қилдим. Украинага ўтганимдан сўнг олти ой давомида антидепрессантлар ичиб, даволаниб юришимга тўғри келди – дунёга яна кулиб боқа олиш учун.
Пётрисми ўзгартирилган
2020 йил 9 августда омадим чопди. Сайлов участкамизда натижалар эълон қилинганидан сўнг (гўё Лукашенкога қарши бор-йўғи 30 нафар одам овоз берибди), биз машиналарда Минск шаҳри марказига келиб, у ердан соат икки ё учларда кетдик. Кўп танишларим уйига пиёда қайтаётиб қама-қамаларнинг биринчи тўлқинига тушибди.
10 августда яна бир ҳолат юз берди. Бангалор майдонида катта тирбандлик юзага келганди. Одамлар ўрнидан туриб, ғала-ғовур кўтармоқда эди. Кейин ОМОНчилар етиб келди. Кимдир қочиб қолишга улгурди, мен эса улгуролмадим: машинамни пачоқлашди. Лекин яна омадим келди. Калтаклашди, холос — ҳибсга олишмади. «Йўқол бу ердан, ифлос демократ!» — деди улар. «Демократ» сўзининг маълум доираларда қўпол маъно касб этишини биринчи марта ўшанда кўрдим.
Маршлардан бирида бу воқеани танишларимга айтиб бераётгандим, бир одам мен билан ёнма-ён кетаётганди. У: «Машинанг пачоқланди, холосми? Унда, юз доллар топиб олдим деявер!», – деди. Менга ўшанда кўпчилик ёрдам берди.
Энди тушуняпман, агар ўшанда (маъмурий жавобгарликда) ўтириб чиққанимда, катта эҳтимол билан, мамлакатни тарк этишга мажбур бўлардим. Ҳозирча бунга унча эҳтиёж йўқ. Аммо, Беларуснинг бошқа фуқаролари каби мен ҳам шу ҳақида ўйлаб юрибман. Фақат кечикмасак бўлгани. 1933–1934 йиллари яҳудийлар ҳам шундай ўйлаган: балки, Германиядан кетишимиз керакдир? Кетганлар тўғри қилганди.
Бунга бир бахя қолган бўлса ҳам, ўшандан бери бирор марта хавфсизлик кучларининг қўлига тушмадим. Ўша воқеадан кейин ўзимни қандай тутишим кераклигини билмайман. Бир танишим қўлга тушиб, шундан сўнг ҳеч нимага қатнашмасликка, бор эътиборини оиласига қаратишга қарор қилди. Уни айблолмайман, чунки бошидан нималар кечгани менга қоронғи. У кўпинча: «Буни ҳеч кимга раво кўрмайман», — дейди.
Ҳозир Беларусда норозилик ҳаракатлари энг суст даражада: стикерлар ёпиштириш, дарахтга байроқ илиш, бир-биримизни қўллаш кабилар, холос. Ставкалар оширилди. Аммо қўлни ювиб, қўлтиққа уриш ҳам ярамайди — нима, бу муросага келганимизни англатадими? Адолатсизлик, зўрлик ва хорликларга чидашга маҳкуммизми? Яхши инсонлар ва ҳалоллик ҳақида ўқиган китобларимиз қаёқда қолди?
Постлар ёзиш, стикерлар ёпиштириш хавфли — бармоқ изи тушиб қолмаслиги учун фақат қўлқоп билан ёпиштириш мумкин. Байроқ илиш хавфли. Бошқа томондан, оқ фитнес-трекер ва оқ соатларда юрган одамларга кўзим кўп тушяпти. Ҳеч бўлмаганда, бизда қандайдир норозилик рамзлари қолди. Мабодо, бир ойдан кейин оқ «билакузуклар»ни йўқотиш керак деган қарорга келишса, биз бу билакузукларни бошқа рангларга ўзгартирамиз.
Умуман олганда, одамларнинг таъби суст. Гарчи, вақт ҳаммасини кўрсатиши аниқ бўлса-да. Тизим қулаяпти, унинг белгилари кўзга тобора аниқроқ ташланмоқда. Барқарорлик йўқ. Барибир қандайдир ўзгариш бўлади. Бунга ишонч бор. Савол туғилади: бўш келмасликка матонатимиз етадими? Ҳозирча бўш келмаяпман, ҳозирча шу ердаман, ҳозирча озодман.
Ожизлик ҳисси руҳимни эзяпти. Нимадир қилишни истайман. Мен у ҳисни бирлик маршларида туйгандим. Ажойиб эди. Ғолиблик ҳисси. Халқ билан ҳамнафаслик ҳисси. Ўзгаришлар истиқболидаги ҳаяжон. Янги Беларусда ҳаётимиз қандай гўзал кечиши ҳақида бир-биримизга тўлқинланиб сўзлаб бергандик. Ҳаётни ўзгартириш учун бор кучимизни берамиз. Ватанни ҳимоя қилиш учун курашга оқ гул кўтариб чиққан аёллар ҳақида афсона ва асотирлар яралади. Аммо ҳозирча Беларуснинг куни қора тўқмоқли юнгдор алвастиларга қолди.
Олга(исми ўзгартирилган)
Шундай кунлар бўладики, майда-чуйда тафсилотигача ёдингизда қолади. Мен 9 августни шундай эслайман.
Уйим марказда жойлашган, лекин овоз бериш учун Минск шаҳри чеккасига боришим керак эди. Подъездда велосипедимни бўшатолмадим: қулфи очилмади. Шу пайт лифтдан маст десантчи чиқиб келди (классик урфдаги, эски турар-жойда биносида яшаймиз, подъезд қоронғи, деворлари нураб кетган) ва ёрдам беришни таклиф қилди. Уйига кириб, болға олиб чиқди ва қулфни синдирди. Шундан сўнг қаерга кетаётганимни сўради. Мен: «Овоз беришга», — дедим. Кейин у: «Мен ҳам овоз бериб келдим», — деди. Шундан сўнг кўзимга савол назари билан тикилди: кимга овоз берасан? Ахир, мен у кимга овоз берганини билмайман! Майка кийган татуировкали эркак аҳмоқдай кўринарди. Мен жавоб бердим: «Тихановскаяга». У эса: «Офарин, ўзингга яхши қулф сотиб ол», – деди. Унинг туппа-тузук одамлигини кейин билдим, лекин ўша куни уни шунақа ёввойи қиёфада кўрган эканман.
Сухаревони (сайловимиз ўтган туман) унча ёқтирмасдим. У ер зерикарлидай туюларди. Аммо ўша кун у ҳақидаги фикримни ўзгартирди.
Сухаревога «погоня» герби туширилган футболкада келдим. Мактаблар ёнидаги навбатни кўрганимда мен билан бир вақтнинг ўзида қанча одам келганини тушундим. Кўзимга ёш тўлди.
Участкамни топдим. Герб туширилган футболкада борар эканман, мендан ҳамма хурсандлигини ва табассум улашаётганини сезаман. Каштали кўйлак, оқ-қизил-оқ ёки рамзли кийимларда келган одамлар кўп эди. Ажойиб манзара. Бундай бирдамликни биринчи марта кўраётгандим.
Овоз бериб, уйга қайтдим. Беихтиёр миямга бир фикр келди: «Долларни ечиб олиш керак!» Бирорта банкоматда доллар йўқ эди — одамлар ҳозирлик кўраётганди.
Ёнимдан ўтиб кетаётган отахон «Ғалаба» ишорасини қилди. Оқ-қизил-оқ байроқ тутиб олган, 50–60 одамдан иборат мотоциклчиларнинг узун колоннасига кўзим тушди. Уларга «Ғалаба» ишорасини қилдим, улар бунга жавобан сигнал чалишди. Кейин яқин бир одамимни учратдим, у ёнимда бўлса, ҳеч нарсадан қўрқмасдим — бизни нима кутаётганини ҳисобга олсак, бу айни муддао эди.
Метро ишламаётганди. Пиёда йўлга тушдик. Кўчалар бўш, машина деярли йўқ. Кўплаб одамлар, назаримда, кўпроқ эркаклар марказга қараб пиёда кетарди. Дўстларимиз билан кўришдик, йўлаклар орқали ёдгорлик томонга чиқиб бордик (шаҳар марказидаги «Минск — қаҳрамон шаҳар» ёдгорлиги —«Meduza» изоҳи). У ер аллақачон қуршаб олинганди.
Бир пайт биз келган йўл бўйида кўплаб довюрак кишилар пайдо бўлди. Одамлар телефон чироқларини ёқди. Гўё чироқлар денгизига тушиб қолгандик.
Ҳамма натижаларни кутарди. Интернет кундузи ўчганди, кимдир VPN орқали уланди. «Минскда ОМОН қалқонларни ерга ташлади» қабилидаги хабарлар кела бошлади ва бутун оломон бир овоздан: «Яшасин!» — деб юборди. Биз бу ерда ҳам шундай бўлишини кутиб турардик. Кимдир ОМОНчиларга яқинлашиб, улардан халқ томонга ўтишни сўради. Кейин отишма бошланди, сиқувга ола бошлашди, аммо биз жуда кўп эдик. Қўрқув эмас, кўтаринки кайфият ҳукмрон эди.
Улар бизни қувиб, тўзғита бошлаганда ортга чекиндик. Қўрқиб кетдим, оломон ичида адашиб қолгандим. Ҳамроҳим нима бўлганини тушунди ва қўлимдан тортди.
Бизни КГБ биносигача ҳайдаб бориб, ортга қайтаришди ва биз тузоққа тушдик. Битта кўчадан ташқари ҳаммаси ёпиқ — ўша кўчадан чиқиб кетяпмиз, у ерда эса (хавфсизлик кучлари томонидан қўлланилаётган, кўздан ёш оқизувчи) газ. Қочаётганимизда йиқилиб тушдим, товоним оғрий бошлади. Лекин кучли ҳаяжонда бунга эътибор қилмадим. Охири қутулиб кетдик.
Ҳозир бизга нима хавф солаётганини билганимизда, балки яқин атрофдаги подъездлардан бирига бориб, тонг отгунча ўша ерда ўтирган бўлармидик. Бироқ ўшанда (мен ҳайдаб келган) велосипедни олишга бордик! Ахир, у ОМОНчилар ғич-ғич қайнаб ётган ёдгорликдан сал нарироқда турганди. Биз уни олдик. Атрофда тартибсизлик, соат тунги икки. Бир амаллаб уйга етиб олишимиз керак. Бу ажойиб ва ғайритабиий саёҳат эди.
Велосипедда кетяпман-у, велосипед йўлагида ОМОНчилар турибди, ён томонда эса автозак. Ўзимни йўқотиб қўйган бўлсам ҳам, қўнғироқчани чалдим, улар йўл бўшатишга мажбур бўлди. Ҳаммоёқ тўсиб ташланганди, биз аранг ўтиб олдик.
Каштали кўйлакда қонга беланган, жуда келишган йигитни учратдик — у жилмаярди. Ундан ҳол-аҳвол сўрадик. У қандайдир ғалати жавоб қилди — боши лат еганмикан, деб ўйлаб қолдик. Маълум бўлишича, у беларус тилида гаплаша оладиган француз экан. Ўқ парчаси тегибди, лекин аллақачон кўрикдан ўтказилибди.
У ёғига ёлғиз ўзим кетдим. ОМОНда ҳамма нарса бор эди, қатор-қатор техникалар. Кетяпман-у, орқамга чироқ нури тушяпти. Даҳшатли эди — гўё ҳарбий зонага кириб бораётгандай.
Уйнинг деярли ёнгинасида ОМОНчилар одамларни уриб, автозакка юклаётганди. Бир эркакнинг бошига шу қадар қаттиқ тепишдики, ундан чиққан товуш бутун чорраҳага эшитилди. Бошқа бир ОМОНчи қизга бақирди. Мен қандайдир транс ҳолатида тўғри у томонга қараб боряпман, шу пайт ёнимга йўл патруль хизмати машинаси келиб тўхтади ва йўл патруль хизмати ходими қичқириб: «Аҳмоқ, бор уйингга!», – деди. Шундоқ автозак ёнидан ҳовлига қайриламан; уйни айланиб ўтгунимча ОМОНчи кўринмай қолади. Улар ҳаммани автозакка юклади — тунги чироқ остида кўнгилхушлик қилаётган оддий ширакайф одамлар бўлса ҳам.
Мен бир қизнинг ёнига бордим, сал аввалроқ унга биров қичқирганди. У қалтираб кетди. Бошдан-оёқ оппоқ кийиниб олганди. Маст эди ва тинмай йиғларди. Ундан ҳол сўраб, уйига кетишни маслаҳат бердим. Кейин ўзим ҳам кетдим. Жуда кеч бўлиб қолганди.
Туманимизда ростакам одам ови бўлиб ўтганини кейин билдик. Ҳаммани олиб кетишибди. Одамлар буталар остига, подъездларга, шовурма сотиладиган тунги дўкончаларга яширинибди. Қўриқчи фаришталар ўшанда шеригим иккимизни қаттиқ ҳимоя қилганига ҳалигача ишонамиз — роса омадимиз чопганди.
Эртаси куни телефоннинг тинимсиз жиринглашидан уйғониб кетдим. Қариндошларим аҳволим яхшилиги ва ишим билан қизиқишаётганди — ишим интернет билан боғлиқ, интернет эса ўчиқ.
Товоним оғриётганди, лекин тунда яна марказга бордик. Ҳозир эслаш кулгили, бироқ ўшанда худди ўқдан ҳимоя қиладигандай, тиззабанд ва сайёҳлик кўрпачаларини сотиб олгандик.
Бир вақт ортиқ юра олмаслигимни тушундим, оёғим қаттиқ оғриётганди. Бу жуда қўрқинчли эди: отишмалар, тирбандликлар, зирҳли машиналардаги аскарлар, газ. Охири «Мортал комбат»даги Шан Сунга ўхшаб кетадиган, эллик ёшли эркак билан танишдик, у дугонам иккимизни ҳам дўстларимизни ҳам у ердан олиб кетди.
Йўлда ОМОНчилар одамларни қандай калтаклаб, қўлга олаётганини кўрдик. Уст-бошимизда ҳали ҳам рамзларни кўтариб юрар, бунинг учун бизни чала ўлик қилишлари мумкинлигини билмасдик. Оқ билакузукни ўзимизга едиришлари мумкин эди.
Марказда одам ўлдирилганини келаси куни билдик. Кечқурун ҳеч қаерга бормадим, чунки қўрқардим, боз устига, силлам қуриганди. Намойиш бостирилгандай эди. Эсимда, тунги 11 да чиқинди ташлагани чиқмоқчи бўлиб деразадан ташқарига қарадим – ОМОН одамларни қувиб юрарди.
Эртаси куни жуда тушкун кайфиятда уйғондим ва кўчага тўсатдан оқ кийимдаги, гул кўтарган аёллар чиққани ҳақида ўқидим. Бу жуда таъсирли, муҳим ва ўз вақтида қилинган иш эди. Уларни қўллаб-қувватлаш учун дарҳол ўша ёққа югурдим. Бу навбатдаги норозиликнинг бошланиш нуқтаси эди. Ўшанда биз ғалаба қила бошлагандай эдик. Кейинги икки кун мутлақо такрорланмас ва ажойиб ўтди. Шаҳар шовқин-суронга тўлди.
Шундан сўнг унутилмас ойлар ўтди — бир вақтнинг ўзида ҳам қувончли, ҳам қайғули. Мен фаол иштирок этдим, маршларга бордим ва ҳоказо (бироқ ковид туфайли охирги катта маршларни ўтказиб юбордим). Шундан сўнг туман маршлари бошланди, лекин вақт ўтиши билан улар ҳам тинчиди.
Ўша кунлари қўлимда жуда кўп ҳикоялар йиғилди. Бир сафар аёллар маршида мени ҳам қўлга олишларига оз қолди. Аёллар қуроли бўлмиш қичқириқдан унумли фойдаландим. Жуда қаттиқ қичқирдим, милиция эса фуқаролик кийимидаги икки ёқимсиз амаки эди. У пайт одамлар ҳали ҳеч нимадан қўрқмасди.
Афтидан амакилар ҳовлида икки қизни тортқилаб кетишаётганди. Мункиллаб қолган 80 ёшли буви югуриб келиб, бизга подъезд эшигини очди. Ҳовли бўшдай кўринар, аммо қичқиришим билан одамлар чопиб чиқди. Ҳозир бундай қилмиш учун барча қатнашувчилар жавобгарликка тортилган бўларди.
Учинчи маршлардан сўнг одамларни кенг миқёсда қўлга олиш бошланди. Ҳибсга олинмаган бирор кун йўқ. Якшанба куни уйғонасан, маршга бориш кераклигани биласан. Бир-икки соат уйғоқ ёцанг ҳам, ўрнингдан туролмайсан. Қўрқув каравотга михлаб қўйган. Аммо ташқарига чиқишинг билан қўрқув сени тарк этади.
Ҳозир қўрқув йўқ ёки биз унга ўрганиб қолдик. Ачинарлиси, вақти-вақти билан яқинларимиз қамалганида, ташвишга тушиб турамиз. Кейингиси сен бўлишинг мукинлигини ҳис этасан. Илгари биз «погоня» герби туширилган футболкаларда юрардик, қўлда байроқлар билан шаҳар кезардик. Энди буларнинг бари тақиқланган. Лекин ўзингникиларни ҳали ҳам таний оласан. Кўзларидан, тинглайдиган қўшиқларидан, ҳукумат сезмайдиган жуда кўп белгилар орқали. Буни назорат қилиб бўлмайди.
Менимча, аҳволимиз давлат мулозимлариникидан кўра анча яхши. Шаҳарга чиқишдан ҳам, буни ҳамкасбларим ва дўстларим билан муҳокама қилишдан ҳам қўрқмайман. Улар эса телефон суҳбатларидан қўрқади, қамоққа олишларидан чўчийди. Агар кимдир хавфсизлик кучларидан кетса, уни дарҳол омма олдида обрўсизлантириш бошланади. Жамият қўрқув ичида, аммо биз яқинларимизга иккиюзламачилик қила олмаймиз. Бизнинг ишонган одамларимиз бор, уларда эса йўқ.
Ҳалигача ҳар қандай фуқаролик ҳаракати катта куч бағишлайди. Ҳар қандай мардона ҳаракат, ҳатто арзимасгина белги ҳам руҳимизга қувват беради. Чунки хавф ҳаддан ташқари юқори эканини тушунасан.
Улар энди бизни карахтлик ва умидсизликка солиб қўйишга ҳаракат қилмоқда. Истаганча юрдик, шаталоқ отдик — энди гўё ҳисоб-китоб қилишмоқчи. Лекин асли бундай эмас, шу ҳисни сингдирмоқчи бўлишяпти. Биз августда келажакни, чинакам қиёфамизни кўрдик, сўнгра бизни яна ўтмишга қайтариб улоқтиришди. Улар келажакдан қочиб бўлмаслигини англамаяпти.
Руҳшунос дугонам бор. Унинг айтишича, илгари одамлар келиб, ота-онаси ва турмуш ўртоғи билан ораларидаги муносабат ҳақида гапирган экан. Энди улар ёмон тушлар ҳақида гапира бошлабди. Кўпи ЦСБ (травмадан кейинги стрессли бузилиш)дан азият чекмоқда.
Ўзимнинг ҳам ҳушим бошимдан учди. Муносабатларга дарз кетди, ишимдан унум қочди. Гоҳида хавотирга, гоҳида тушкунликка тушиб қолардим. Ҳали ҳам мен руҳий жиҳатдан анча соғломман — на ваҳима ҳуружларига, на уйқусизлик касалига чалинганман. Бу пайтда ҳамма уйқусизлик, васваса касалига чалинганди. Бир дугонам турмада ўтириб чиқди, кейин уч ой, ҳар кеча тушида турмани кўрибди — эшикнинг ғийқиллаши, чинқириқлар.
Таниган одамингни қамаб қўйишса, тинимсиз йиғлайсан. Мен ўша йили бутун умр тўкканимдан ҳам кўра кўпроқ ёш тўкдим. Бунга, ахир, жимгина бардош бериб бўлмасди-да.
Сўнгги йилда атрофимдаги муҳит кескин ўзгариб кетди. Ажойиб, довюрак инсонларни учратдим, аммо дўстларимнинг кўпи юртни тарк этишга мажбур бўлди, айримлари қамоқхонада. Сен йиллар давомида бунёд этган муҳит кўз ўнгингда ғойиб бўлади. Шаҳар бўшаб бормоқда, ундан ҳаётни ва ушбу қайноқ ҳаётни яратган инсонларни сиқиб чиқармоқдалар. Албатта, бу қийинчиликларни сен билан бирга бошдан кечирган инсонларни янада кўпроқ қадрлай бошлайсан. Аввал тасаввурингга ҳам сиғдиролмаган одамлардан бир дунё илҳом оласан.
Барча маршлардан кейин Минскда мен учун норозилик намойишлари билан боғлиқ бўлмаган бирорта жой қолмади. Бу ердан марш пайти дўстим билан юриб ўтгандик. Мана бу ерга беркингандик. Мана бу ерга гул кўтариб келгандик, бу ерда концерт тинглагандик. Бутун шаҳар оғриқли нуқталарда жам — сен шу шаҳарнинг бир қисмисан. Уни қандай ташлаб кетасан? Буларнинг ҳаммаси учун тишни-тишга қўясан. Оғриқ, иштиёқ, севги ва ишонч учун, чунки ҳақиқат биз томонда.
Изоҳ (0)