Россия ва АҚШнинг хавфсизлик кафолатлари бўйича Женевада бўлиб ўтган маслаҳатлашувларида НАТОни шарққа томон кенгайтирмаслик масаласида келишувга эришилмади. Бу ҳақда музокаралардан сўнг Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков маълум қилган.
Рябковнинг сўзларига кўра, ушбу масалада ҳеч қандай муваффақиятга эришилмаган. НАТОни кенгайтирмаслик ва бунга қонуний кафолатлар олиш мавзуси АҚШнинг жиддий эътирозларига сабаб бўлган.
Рябков бу мавзуни Россия миллий хавфсизлиги учун, шунингдек, мамлакат чегаралари яқинида НАТОнинг зарба берувчи воситалари жойлаштирилмаслиги учун муҳим деб атади. Дипломатнинг айтишича, бу Россия томони воз кечолмайдиган талаблардан биридир.
Ташқи ишлар вазири ўринбосари Россия музокараларда қатъий позицияни эгаллаганини тан олди. «Аммо Россия қандайдир ультиматумлар қўйиш йўлидан борди, деганлар мутлақо адашади», — дея қўшимча қилди у. Рябковнинг сўзларига кўра, Москва агар талаблари бажарилмаса, оқибатлар билан таҳдид қилмайди. У Россия ва альянс ўртасидаги манфаатлар мувозанати топилиши мумкинлигини инкор этмади.
Оқ уй матбуот котиби Жен Псакининг баёнотига кўра, АҚШ ва Россия вакилларининг Женевадаги музокараларидан сўнг Вашингтон Москва дипломатия йўлини танлашига умид билдирмоқда.
«Умид қиламизки, улар танлайдиган йўл дипломатия йўли бўлади», — деди Псаки.
Унинг қўшимча қилишича, музокаралар чоғида АҚШ томони Россиянинг Украинага бостириб кириши қандай оқибатларга олиб келиши ҳақида яна бир бор эслатган.
НАТОни шарққа кенгайтирмаслик, собиқ СССР давлатларини альянсга қўшмаслик ва Украина ҳудудида ҳарбий фаолиятни тақиқлаш тўғрисидаги бандлар Россиянинг 2021 йил декабрь ойи ўрталарида альянс ва АҚШга юборган хавфсизлик кафолати шартномаси лойиҳасига киритилган эди. Россия Украина ва Грузиянинг НАТОга аъзо бўлмаслиги учун «темир, қонуний мажбуриятлар, ваъдалар эмас, балки кафолатлар» кераклигини билдирган.
Бу масалани Россия НАТО вакиллари билан 12 январь, чоршанба куни Брюсселдаги учрашувда, ундан кейинги куни эса ЕХҲТ йиғилишида муҳокама қилишни давом эттиради.
НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг аввалроқ альянс ҳеч қачон шарққа томон кенгаймаслик мажбуриятини олмаганини айтганди. Шунингдек, у Украинанинг альянсга аъзолиги масаласида Россия билан муроса қилиш имкониятини ҳам истисно қилган.
Мавзуга доир:
- АҚШ давлат котиби Путин СССРни қайта тиклаш ниятида эканини даъво қилди
- Женевада АҚШ ва Россия музокараларининг биринчи раунди бўлиб ўтди
- NYT АҚШнинг Украина туфайли Россияга қарши тайёрлаётган янги санкциялари тафсилотларини эълон қилди
- Украина Россия босқинига учраса АҚШ қўшинларини НАТОнинг шарқий қанотига юборади — Байден
Изоҳ (0)