Форс кўрфазининг жанубида жойлашган Шаржа араб амирлигида давлат хизматчилари тўрт кунлик иш ҳафтасига ўтказилиши эълон қилинди. Бу ҳақда Al Arabiya хабар берди.
Шаржа ижроия кенгашида айтилишича бу қарор «Бирлашган Араб Амирликларининг мамлакат рақобатбардошлигини оширишга қаратилган концепциясига мувофиқ» қабул қилинган. Шу тариқа Шаржадаги давлат идоралари учун иш ҳафтаси душанба—пайшанбага қисқартирилади, дам олиш кунлари эса жума кунидан якшанбагача узайтирилади.
«1 январдан бошланиши кутилаётагн ўтиш даври ишбилармонлик муҳити ва иқтисодий бозорни қўллаб-қувватлайди ҳамда глобал ўзгаришлар билан ҳамнафас бўлади», — дейилади кенгаш баёнотида.
Шаржа ҳукумати Ижроия кенгаши бош котиби ёрдамчиси Аҳмад ал-Сувайдийнинг айтишича, ушбу ўзгаришга мувофиқ, давлат идораларининг расмий иш вақти соат 07:30 дан 15:30 гача этиб белгиланади. Ўзгартиришлар 2022 йил 1 январдан кучга киради.
Шаржа Яқин Шарқда давлат секторини тўрт кунлик иш ҳафтасига ўтказган биринчи ҳудуд бўлди. Аввалроқ БААда расмий иш ҳафтаси тўрт ярим кунга қисқартирилиши эълон қилинганди. Шунингдек, мамлакатда дам олиш кунлари амалдаги жума—шанбадан шанба—якшанбага ўтказилиши маълум қилинган.
Изоҳ (0)