Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Сурхондарё вилояти Денов шаҳрида жойлашган «Indenim» савдо маркази портлаши оқибатида 11 нафар фуқаро жабрлангани, шулардан икки нафари воқеа жойида вафот этгани хабар қилинганди. Ҳолат юзасидан ўтказилган брифингда Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов икки нафар марҳумнинг яқинларига моддий ёрдам пули тўлаб берилаётганини маълум қилди, дея хабар берди «Дарё» мухбири.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Қайд этилишича, портлаш жойида вафот этган икки нафар фуқаро яқинларига айни пайтда тўлаб борилаётган моддий ёрдам пулига қўшимча тарзда компенсация пуллари ҳам тўлаб берилади.

«Вафот этган фуқаролар яқинларига моддий ёрдам кўрсатилмоқда. Кейинчалик уларга суд қарори билан компенсация маблағлари ҳам тўлаб берилади. Ҳеч ким эътибордан четда қолмайди», — деган вилоят ҳокими Тўра Боболов.

Қайд этилишича, ҳоким марҳумларнинг яқинларига қанча миқдорда моддий ёрдам пули тўлаб берилаётганига аниқлик киритмаган. У, шунингдек, тадбиркорларга етказилган зарар, 65 та хонадон таъмири ва ижтимоий соҳа объектларининг зарарланиши оқибатида келиб чиққан чиқимлар ҳам суд қарорига кўра икки хил усулда қопланишини билдирган.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

«Тергов якуни ва суд қарорига кўра хулоса қилинади. Агар форс-можор ҳолатлари бўлса, зарарлар давлат томонидан қопланади. Воқеа эътиборсизлик оқибатида келиб чиққан бўлса, эътиборсизликка йўл қўйган субъект томонидан қоплаб берилади», — таъкидлаган вилоят ҳокими.

«Дарё» мухбири билан суҳбатлашган деновликлар — портлашдан жабрланган аҳоли вакиллари Тўра Боболов уларнинг уйига келиб ҳол-аҳвол сўраганини, портлаш оқибатида яшаш учун хавфли кўринишга келган хонадонлари бузиб ташланиб, қайта қуриб берилиши ваъда қилинганини айтган. Бундан ташқари, портлашдан зарарланиб, тиклаб бўлмас даражага келган автомобиль эгаси эса машинасининг янгилаб берилишидан умидворлигини, вилоят раҳбари бунга ваъда берганини айтган.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Фуқаро Илҳом Ражабовнинг айтишича, Тўра Боболов унинг савдо маркази орқасида жойлашган уйи яшаш учун хавфли ҳолатга келиб қолганини, эндиликда уйини бузиб, янги қуриб берилишини маълум қилган. Яна бир фуқаро Гулнора Насриддинова эса ўғлига тегишли машина бино бўлаклари остида қолгани учун қайта тиклаш имкони йўқлигини айтиб, ҳоким янги машина берилишини ваъда қилганини билдирган. Ғанижон Салоҳов бундай портлашга умрида биринчи марта дуч келаётганини, бундай пайтда раҳбарлар уларни ёлғизлатиб қўймаслигидан умидворлигини айтган.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Эслатиб ўтамиз, Сурхондарёнинг Денов шаҳри марказидаги «Indenim» савдо мажмуасида 7 декабрь тонгида кучли портлаш юз берди. Расмий маълумотларга кўра, портлаш оқибатида камида икки киши ҳалок бўлган, 11 киши турли тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган. Кейинчалик Деновдаги портлашда 65 та уй зарар кўргани, 6 та хонадон деворлари эса ёрилиб, яшаш учун хавфли ҳолатга келиб қолгани маълум бўлди. Дастлабки тахминларга кўра, газ асбоб-ускуналаридан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши оқибатида тўпланган газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши оқибатида юз берган.

Изоҳ
Асосий янгиликлар