Сурхондарёда 1,7 миллион аҳолини аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлайдиган йирик лойиҳани бошлашга старт берилганди. Давлат харидлари портали маълумотларига кўра, 2021 йилнинг ўзида бош пудратчи билан 527 миллиард 428 миллион сўмлик шартнома имзоланди. Бунга Telegram’даги «Давлетовуз» канали эътибор қаратди.
Қайд этилишича, бундан 317 миллиард 428 миллион сўм Россиядан пўлат қувурлар келтиришга йўналтирилади. Лойиҳани 2023 йилда якунлаш кўзда тутилган бўлиб (дастлабки маълумотларда 2024 йилда ишга туширилиши айтилганди), ҳукумат қарори билан To‘palang HPD Platinum бош пудратчи сифатида тендерсиз танлаб олинган.
Очиқ маълумотларга кўра, To‘palang HPD Platinum МЧЖнинг ягона таъсисчиси To‘palang HPD Holding МЧЖ ҳисобланади. Мазкур холдинг улушининг катта қисми — 61,70 фоизи Абдураҳмонов Ислом Абдуғаниевичга тегишли. У, маълумотларга кўра, «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси, сенатор Сангинов Абдуғани Абдураҳмоновичнинг ўғли бўлади.
138 миллион долларлик лойиҳанинг техник-иқтисодий асослантирилиши «Гидропроект» АЖ томонидан ишлаб чиқилган. «Гидропроект»нинг 71,86 фоиз овоз берувчи акцияларига «Ўзбекгидроэнерго» АЖ эгалик қилади.
Изоҳ (0)