Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати маркази мамлакатнинг айрим вилоятларида 4 ноябрдан буён кузатилаётган ғайриоддий чанг-қумли бўрон ҳақида маълумот берди, деб ёзади «Gazeta.uz».

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Маълум қилинишича, 4 ноябрь куни Ўзбекистон ҳудудига Урал томонлардан совуқ ҳаво оқими кириб келган. Совуқ ҳаво фронти зонасида шамол тезлиги 12-15 метр/сонияга қадар кучайган, Бухоро, Навоий, Жиззах вилоятларида эса сониясига 20-25 метрга қадар етган. Кучли шамол таъсирида ернинг қуриган устки қатлами юқорига кўтарилиб, республиканинг қатор туманларида кўришнинг 100-200 метргача ёмонлашиши орқали чанг-қумли туманни ҳосил қилган.

«Албатта, республиканинг турли ҳудудларида олиб борилаётган кенг кўламли қурилиш ишлари бунинг пайдо бўлишига ўз ҳиссасини қўшган, чунки қурилиш ишларида жуда катта миқдорда сочилувчан маҳсулотлар ишлаб чиқарилади», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, чангли туман 4 ноябрь куни тонгда Жанубий Қозоғистон ҳудудида бошланган, секин-аста Ўзбекистоннинг марказий ва жанубий вилоятларига тарқалган. Чанг-қумли туман, асосан, Қозоғистоннинг Туркистон, шунингдек, Ўзбекистоннинг Тошкент ва Сирдарё вилоятларида кузатилган.

«Ўзгидромет»нинг маълум қилишича, Ўзбекистонда Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари каби чанг бўронлари — тез-тез учраб турадиган ҳодиса. Бироқ одатда қум ёки чанг массасининг ҳавога кўтарилиши шамол тиниши билан ерга чўкиб, тарқалиб кетади. Мазкур ҳолатда эса 4–5 ноябрь кунлари совуқ ҳаво массаси шаклланган атмосферанинг қуйи қатламларидаги инверсион қатлам чангнинг чўкиш жараёнини ушлаб турибди, натижада минтақа учун ғайриоддий бўлган чангли туман юзага келган.

Қайд этилишича, туман секин-аста тарқалмоқда ва катта эҳтимол билан 6 ноябрь куни ҳам давом этади.

Сирдарёда 4 ноябрь куни бошланган чанг бўрони кечга бориб Тошкентга ҳам етиб келди. Чанг туфайли атрофни кўриш даражаси чекланди. Автомобильлар ҳаракати секинлашди. Кейинроқ «Ўзгидромет»нинг бунинг оқибатида ҳаводаги чанг миқдори белгиланган меъёрдан 5 баробарга ошганини билдирди. Нафас олишда муаммолар юзага келган пойтахт аҳолиси тиббиёт муассасаларига мурожаат қилишни бошлади, 5 ноябрь куни эса Соғлиқни сақлаш вазирлиги фуқароларга чанг бўронида нималар қилиш бўйича тавсиялар берди.