Huawei компанияси тугмалар ёки мобил дастур ёрдамида иссиқлигини бошқариш мумкин бўлган «ақлли» шарфни тақдим этди, деб хабар беради Hi-Tech.Mail.ru.

Фото: Huawei Central

Fengmi номини олган шарф ичида углерод нанотрубкачаларидан тайёрланган плёнка, шунингдек, майин фланел ва изоляцияловчи Sorona пахтасидан иборат қатлам мавжуд. Шарфнинг ўз сиғими 4000 мА/соат бўлган 80 граммли портатив аккумуляторга уланади ва 5—6 соат ишлай олади.

Иситувчи элементлар шарфни саноқли сонияларда Цельсий бўйича 30 дан 53 даражагача иситиш имконини беради, шунингдек, ҳароратнинг бир маромда бўлишини таъминлайди.

Фото: Huawei Central

Энг муҳими — фойдаланувчилар шарфни ювиш вақтида унинг ичидан иситувчи элементларни чиқариб олиши шарт эмас. Ҳатто терморегулятор ва USB’ни ҳам кир ювиш машинасида ювса бўлади. Fengmi’га бу орқали ҳеч қандай зарар етмайди.

Ҳозирча фақат Хитойда сотувга чиққан шарфнинг нархи 46,5 долларни ташкил этади.

Аввалроқ швейсариялик олимлар антивирус жинсиларни яратгани, Пенсильванияда ўз-ўзини қайта тиклашга қодир кийим ишлаб чиқарилгани тўғрисида хабар берилганди.