Хитойда оммавий рақсга тушувчилар томонидан чиқадиган шовқинни бартараф этишга мўлжалланган ноодатий гаджет машҳурликка эришмоқда, деб хабар беради Hi-Tech.Mail.ru.
Хитой шаҳарларининг жамоат жойларида рақсга тушиш кекса аҳоли орасида кенг тарқалган. Шу орқали одамлар спорт билан шуғулланади, дўстлари билан мулоқот қилади ва янги танишлар орттиради. Шу билан бирга, рақслар учун мусиқа жуда баланд янграйди ва шаҳарнинг бошқа аҳолиси бундан норози.
«Рақсга тушаётган бувилар»га қарши кураш бўйича бир нечта уринишлардан сўнг (2013 йилда коллективлардан бири уларга ахлат отган, 2016 йилда эса бир эркак мусиқий колонкага пневматик пистолетдан ўқ узган) бунга қарши янги усул ўйлаб топилди. Улар колонкага мос келувчи махсус пультларни сотиб олиб, унинг ёрдамида мусиқа овозини бошқармоқда.
Колонка кутилмаганда ўчиб қолса, рақсга тушаётганлар ўз қурилмалари бузилиб қолди деб ўйлайди ва тарқалиб кетади. Пультни 19 ёшли Хан Лэй исмли бизнесмен яратган бўлиб, у бир кечанинг ўзида 36 та рақс гуруҳини қувиб юборишга муваффақ бўлганини айтган.
Vice’нинг ёзишича, пульт нархи 15—40 доллар оралиғида бўлиб, кичиклиги сабаб ҳамёнга сиғади. Пультни Хитойдаги машҳур интернет майдончалари орали топиш мумкин. Ихтирочининг сўзларига кўра, сўнгги тўрт ой ичида ушбу қурилмадан 20 минг нусхадан ортиқ сотилган.
Изоҳ (0)