«Дарё»ни Telegram’да ўқинг! Join!
16:23, 03.08.2021 17842

Арнольд Шварценеггер иштирокидаги «Терминатор» ва «Йиртқич»дан бошқа қизиқарли фильмлар

2021 йилнинг 30 июль куни Арнольд Шварценеггер 74 ёшни қаршилади. Голливуд юлдузи ижросидаги қандай фильмлар кўришга арзигулик экани ҳақида маълумот бериб ўтамиз.

«Қочиш режаси», 2013

Фото: Getty Images

Актёр фильмографиясидаги «Конан-варвар» (Conan the Barbarian). «Йиртқич» (Predator) билан таниш бўлган, «Хотиралар оғушида» (Total Recall) ҳамда «Ҳақиқий ёлғон» (True lies) классикаларини ҳам аллақачон томоша қилиб улгурган мухлисларга «Қочиш режаси» фильмини кўриш тавсия қилинади. Сюжетга кўра, актёр гавдалантирган қаҳрамон дунёдаги энг яхши қўриқланадиган «The tomb» (қабр) номли қамоқхонадан қочмоқчи бўлади. Бунда унга Силвестер Сталлоненинг қаҳрамони ёрдам беради.

«Зарарланган», 2014 йил

Фото: Getty Images

Арнольд суратга тушган 70 дан кўпроқ фильм орасида вирус билан боғлиғи ҳам йўқ эмас. «Зарарланган» (Maggie) номли фильмда у хавфли вирус билан зарарланиб, зомбига айланиб қолган Мегги исмли қизнинг суюкли отаси ролини ижро қилади. Актёр гавдалантирган қаҳрамон қизидан ўзини яккалаш ўрнига, у билан бирга яшашда давом этади.

«Эгизаклар», 1998

Фото: Getty Images

Шварценеггер фақат жиддий лойиҳаларда иштирок этади, деб ўйлаганлар янглишади. У 1998 йилда комедия жанрида тасвирга олинган «Эгизаклар» фильмида Дэнни Де Вито билан бирга суратга тушган. Актёрлар мукаммал инсон яратиш бўйича амалга оширилган ирсий эксперимент натижасида дунёга келган эгизакларни гавдалантиради. Кўриниши умуман ўхшамайдиган ака-укалар болалигиданоқ бир-биридан айро ўсади. Арнольд алоҳида оролда тарбияланадиган Жулиус ролини ижро қилади. Винсент болалар уйида катта бўлади ва у жисмоний ҳамда ақлий жиҳатдан мукаммал Жулиусдан  тамоман фарқ қилади. Орадан 35 йил ўтиб укаси борлигидан хабар топган Жулиус уни қидиришга киришади.

«Болалар боғчаси полициячиси», 1990

Фото: Getty Images

Актёр иштирокидаги яна бир комедия жанридаги энг яхши фильмлардан бири — «Болалар боғчаси полициячиси» (Kindergarten Cоp) 1990 йилнинг 21 декабрь куни экран юзини кўрган. Мазкур лойиҳада Арнольд наркотик моддалар билан савдо қиладиган одамнинг изига тушган полициячи ролини ижро қилган. У жиноятчининг собиқ рафиқасидан бўлган фарзанди борадиган боғчага тарбиячи бўлиб ишга киради. Жиноятчилар билан ишлаш чўт бўлмаган полициячи бир гала митти болакайларни қандай назорат қилиш мумкинлигини билмай боши қотади.

«Югураётган одам», 1987

Фото: Getty Images

Стивен Кингнинг романи асосида 1987 йилда суратга олинган «Югураётган одам» (The Running Man) фильми воқеалари 2017 йилда содир бўлади. АҚШ ҳукумати тепасига келган ҳарбийлар аҳолининг эътиборини ички муаммолардан чалғитиш учун турли шоулардан фойдаланади. «Югураётган одам» номли шоуда озодликдан маҳрум қилинган кишилар иштирок этади. Уларнинг олдида иккита йўл бўлади: шафқатсиз синовлардан ўтиб озодликка эришади ёки томошабинларнинг кўз ўнгида овчилар томонидан ўлдирилади. Тақдир тақозоси билан буйруқни бажаришдан бош тортган полиция ходими ҳам шоунинг иштирокчиларидан бири бўлади. Арнольд ижросидаги ушбу қаҳрамон бошқа иштирокчилар билан рақобатлашиш ўрнига бундай шафқатсиз лойиҳани ўйлаб топганлардан ўч олиш учун тайёргарлик кўради.