АҚШнинг Pfizer ва Moderna компаниялари ўзларининг коронавирусга қарши вакциналари нархини Европа Иттифоқи учун оширди. Бу ҳақда вакцина етказиб бериш тўғрисидаги шартномаларга асосланиб, Financial Times (FТ) хабар берди.

Фото: Reuters

Pfizer ўз вакцинаси нархини 25 фоиздан кўпроққа оширди — битта доза нархи 15,5 евро (18,4 доллар)дан 19,5 евро (23,7 доллар)га етди. Moderna препаратининг нархи 12 фоиздан кўпроққа оширилди. Сўнгги шартномаларда унинг бир дозаси нархи 25,5 доллар (21,5 евро)ни ташкил қилади. Манбаларга кўра, илгари унинг нархи 22,6 доллар (19 евро) бўлган.

FТ суҳбатдошларининг маълум қилишича, Европа Иттифоқи вакциналарни оширилган нархларда сотиб олишга рози бўлган.

2023 йилгача 2,1 миллиард дозагача вакцина етказиб беришни кўзда тутувчи 2021 йилда тузилган шартномалар шартлари мазкур вакциналарнинг учинчи босқич синовларига оид маълумотлар тақдим этилгандан сўнг қайта кўриб чиқилди. Маълумотларга кўра, мРНК вакциналари (Pfizer ва Moderna) AstraZeneca ва Johnson & Johnson томонидан ишлаб чиқилган арзонроқ (векторли) вакциналарга қараганда юқори самарадорликка эга.

Россиянинг коронавирусга қарши энг кўп қўлланиладиган «Спутник V» вакцинаси нархи ички бозор учун 900 рублни (12 доллар) ташкил қилади (харажатлар давлат томонидан тўланади). Бошқа мамлакатлар учун ҳар бир доза нархи тахминан 10 доллар.

Бошқа COVID-19 вакциналари нархи 2 доллардан (AstraZeneca) 37 долларгача (Moderna). Шу билан бирга, етказиб бериш нархи ҳар бир мамлакат учун турлича бўлиши мумкин. Масалан, Жанубий Африка AstraZeneca’нинг бир дозаси учун 5,25 доллар тўлаган — бу Европа Иттифоқи тўлаган нархдан қиммат. Airfinity таҳлилчи фирмасининг маълумотларига кўра, Pfizer ва Moderna вакциналарини, асосан, бадавлат мамлакатлар сотиб олмоқда.

Аввалроқ Moderna Буюк Британия ва Канадага ўз вакцинасини режалаштирилганидан камроқ етказиб беришини маълум қилганди.