Роппа-роса бир йил аввал, 2020 йил 29 июль куни Ўзбекистон тиббиёт муассасаларида 9517 нафар бемор коронавирусдан даволанаётган эди — бундан аввал ҳам, бундан кейин ҳам мамлакат касалхоналарида айнан коронавирусга чалинган беморлар сони бу қадар кўп бўлмаган. Таққослаш учун, 2021 йил 28 июль ҳолатига кўра мамлакат тиббиёт муассасаларида 4929 нафар бемор коронавирусдан даволанмоқда. Бу 2021 йил июнь ойи охиридаги кўрсаткичдан (60 фоизга) кўп, бироқ бир йил аввалги аҳволдан (икки баробарга) яхшироқ.

Қайд этиш жоиз, 2020 йилнинг июль—август ойларида Ўзбекистон коронавирус сабаб жуда жиддий синовга дуч келган. Июлнинг дастлабки саналарида ковид-касалхоналардаги беморлар сони 3 минг кишидан ошиши билан иккинчи локдаунга зарурат туғилган. Охир-оқибат, 8 июль куни машҳур «койкалар қолмади» баёноти янграган (ўша вақтда касалхоналардаги беморлар сони 3987 нафар эди), 10 июлдан эса бир ойдан ортиқ давом этган иккинчи кучайтирилган карантин жорий этилган. 19 августга келиб, беморлар сони яна 4 мингдан камайган.

Коронавируснинг ҳозир касалхоналардаги 4929 нафар жабрдийдаси ёки бир йил аввал тиббиёт муассасаларида бўлган 9517 бемор — бу айнан уйидан ташқарида даволанаётганлар ва расман тан олинган ҳолатлардир. Беморларнинг ҳақиқий сони бундан камида икки-уч баробар кўп бўлиши мумкинлигини, жумладан, ҳукумат вакиллари ҳам тан олган. Яна бир жиҳати, бу рақам симптомлари коронавирусники билан деярли бир хил, аммо пневмония ташхиси қўйилган ҳолатларни инобатга олмаган.

Айни вақтда, 2021 йил июлида берилган пневмонияга доир қисқа ахборот ҳам, бизнингча, бир йил аввалги аҳвол ўта оғир бўлгани ҳақида қўшимча тасаввур бера олади.

Инфографика: Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ССВ) 2021 йил 5 июлдан пневмония билан касалланиш ҳолатларига доир рақамларни эълон қила бошлади (26 июлдан рақамлар ҳудудлар кесимида кўрсатилмоқда). Унга кўра, 5—28 июль оралиғида жами 9252 киши пневмония ташхиси билан касалхоналарга ётқизилган. Ўтган вақт ичида уларнинг 3026 нафари соғайган, 63 нафари вафот этган ва 28 июль куни 6163 бемор пневмониядан даволанишни давом эттираётганди.

Шундай қилиб, 2021 йил 28 июль ҳолатига кўра Ўзбекистон касалхоналарида даволанаётган беморларнинг 10 792 нафари ё коронавирус, ё пневмония билан оғриган (ўрни келганда яна бир бор эслатиш ўринли — бир йил аввал касалхоналарда фақат коронавирусга чалинганларнинг ўзи 9,5 мингдан ортиқ эди). Бу 10 792 беморнинг 44,4 фоизи (4929 нафари) коронавирусдан, 55,5 фоизи (6163 нафари) пневмониядан даволанмоқда. 27 июль ҳолатига кўра ушбу нисбат 43,99 фоиз (коронавирус)га 56 фоиз (пневмония)ни ташкил этаётган эди.

Ўтган йили коронавирус ва пневмония ҳолатлари қўшиб ҳисобланган бўлиши мумкинми? Йўқ. Бу масалага Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ўзи ҳам бир неча бор аниқлик киритган. Жумладан, 2020 йил 6 октябрь куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбари Акмал Бурҳонов «Самарқандда коронавирусдан даволанаётганлар расмий статистикаси 10 баравар камайтириб кўрсатилган, бошқа вилоятларда ҳам шу аҳвол», деб баёнот берганида, ССВ «коронавирусда гумон қилинган, инфекция тасдиқланмаган, пневмонияга чалинган беморлар расмий ковид-статистикага киритилмас»лигини билдирган эди. Орадан бир ой ўтиб, 17 ноябрь куни, расмий статистика бўйича Ўзбекистонда 2123 нафар бемор коронавирусдан даволанаётган бир вақтда, Президент матбуот хизмати ковид-касалхоналарда 6570 бемор ётгани ҳақида ахборот берган, бунга жавобан ССВ ушбу 6570 киши орасида «ўткир респиратор касалликлари, коронавирусга гумон қилинган ва оғир турдаги пневмония, шунингдек, вирус тасдиқланмаган беморлар ҳам бор»лигини, «коронавирус билан боғлиқ статистикага фақат махсус лаборатор тиббий текширувлар орқали касаллиги тасдиқланган беморларгина киритилиши»ни маълум қилган эди.

Мазкур нисбат (ҳатто 50 га 50 кўринишида бўлса ҳам) пандемиянинг қолган барча даврлари, хусусан, 2020 йил ёз ойлари учун ҳам мос келса, у ҳолда касалхоналарда қанча коронавирусга чалинган бемор бўлса, тахминан яна шунча пневмония ташхисли фуқаро даволанган, дейиш мумкин; масалан, хулоса қилиш мумкинки, 2020 йил 29 июль куни Ўзбекистон шифохоналарида коронавирус ва пневмониядан даволанган беморлар сони тахминан 20 минг атрофида бўлган.

Сўнгги кунларда ковид-касалхоналар ва ковид-марказларда яна жой топиб бўлмай қолгани, коронавирусга ихтисослашган тиббиёт муассасаларида беморларга лозим даражада эътибор кўрсатилмаётгани, тез ёрдам хизмати чақирувларга улгурмаётгани ҳақида хабар ва гап-сўзлар худди 2020 йил июль—августида бўлганидек жуда кўпайди (ижобий фикрлар ҳам кам эмас). Аммо расмий рақамларга асосланган юқоридаги кичик таҳлилдан кўриш мумкинки, шу кунларда пандемия антирекордлари деярли ҳар куни янгиланаётган бўлса-да, ўтган йилги энг оғир, ҳақиқий кучайтирилган карантинга сабаб бўладиган вазият, катта эҳтимол билан, ҳозирча тўла такрорланаётгани йўқ.

Муаллиф:Нодир Нортўраев