Сурхондарёнинг Музработ туманидаги автомобилларга газ қуйиш шохобчасида «УАЗ»га ўрнатилган газ баллони портлаб кетди, деб хабар беради ФВВ матбуот хизмати.

Фото: ФВВ матбуот хизмати

Маълум қилинишича, кўнгилсиз ҳодиса 28 июль куни соат 06:15 ларда туманнинг «Юртим жамоли» МФЙда жойлашган «Қора марварид» МЧЖга қарашли автомобилларга газ қуйиш шохобчасида содир бўлган.

Ҳодиса оқибатида жароҳатланган ҳамда вафот этганлар йўқ. Автомобиль ва шохобчанинг том қисми зарарланган.

Фото: ФВВ матбуот хизмати

Ҳозирда масъуллар томонидан ҳодиса сабаби ва келтирилган зарар миқдори аниқланмоқда.

Воқеа жойига ФВБ, ИИБ, ССБ, прокуратура ва бошқа тегишли идораларнинг куч-воситалари жалб қилиниб, вазият оқибатларини бартараф этиш ишлари бажарилган.

Аввалроқ Самарқандда метан заправкада турган Nexia’нинг газ баллони портлаб кетгани, Фарғонадаги газ заправкада «Жигули» портлагани ҳамда Қашқадарёда ҳаракатланаётган Nexia’нинг газ баллони портлаши оқибати икки киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди.