Афғонистон Ички ишлар вазирлиги мамлакатдаги 34 та вилоятнинг 31 тасида комендантлик соати эълон қилди. Бу ҳақда Афғонистон ислом республикаси Ички ишлар вазирлиги матбуот котибининг ўринбосари Аҳмад Зиё Зиёнинг сўзларига таяниб, Ariana News хабар тарқатган.

Фото: Ariana News

«Комендантлик соати 31 та вилоятда ‘Толибон’ вакилларининг ҳаракатланишини чеклаш мақсадида жорий қилинди. Чекловлар ҳар куни соат 22:00 дан амал қилишни бошлайди ва 04:00 да якунланади», – дейилади хабарда.

Қайд этилишича, мазкур чекловлар Кобул, Нангархар ва Панжшер вилоятларига тааллуқли эмас.

Афғонистон Мудофаа вазирлиги берган хабарга кўра, охирги бир неча сутка давомида Лагман, Нангархар, Нуристон, Кунар, Ғазни, Ҳирот, Балх, Жаузжон, Ғилмон, Қандаҳор, Пактия, Қундуз ва Каписа вилоятларида жангари ҳаракатлар олиб борилган.

Вазирлик берган ахборот бўйича 24 соат давомида Афғонистон ҳукумат кучлари томонидан жами 262 нафар жангари йўқ қилинган.

Аввал АҚШ Афғонистонда хавфсизликни таъминлаш учун 3 миллард доллардан кўпроқ маблағ ажратиши хабар қилинганди.

23 июлда «Толибон» Ашраф Ғани ҳукумати истеъфога чиқсагина, ўт очишни тўхтатишга рози бўлишини маълум қилган, ундан олдин 15 июлда Афғонистон президенти уч ой ичида «Толибон» устидан ғалаба қозониши ҳақида ваъда берганди.