Наманган вилоятининг Косонсой туманидаги қутқарув-қидирув ишлари натижасида 7 яшар боланинг жасади топилди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев хабар бермоқда.

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Қутқарув-қидирув ишлари 2021 йил 13 июлдан бери давом этаётган бўлиб, унда ФВБ, Миллий гвардия, ИИБ ва кўнгиллилар иштирок этган.

Боланинг жасади бугун, 17 июль куни тонгда Косонсой сойининг тумандаги «Тагижар» маҳалласидан оқиб ўтувчи қисмидан топилди. Ҳозирда унинг шахсига аниқлик киритиш ишлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Наманган шаҳридаги Азимжон Аҳмаджонов Косонсойга ёпирилган сел оқибатида икки ўғлини йўқотгани, улардан бири — 6 ёшли Абубакр Рустамов топилгани ва 14 июль куни дафн этилгани, иккинчиси — 2014 йилда туғилган Муҳаммадюсуф Рустамов эса қидирилаётгани ҳақида хабар берилганди.

Шу тариқа, Косонсойга сел ёпирилиши оқибатида ҳалок бўлганлар сони 9 кишига етди.