Гаити президенти Жовенел Моизни ўлдирган қуролли отряд таркибида камида 26 нафар Колумбия фуқароси ва келиб чиқиши гаитилик икки нафар АҚШ фуқароси бўлган. Бу ҳақда Гаити полицияси бошлиғи Леон Шарлга таяниб, Associated Press хабар берди.

Фото: EPA

Гаити хавфсизлик кучлари ёлланма қотиллар пойтахт Порт-о-Пренс четидаги уйда яширинганини аниқлашга муваффақ бўлди. Уларни зарарсизлантириш чоғидаги отишма тунгача давом этиб, 8 июль куни гумонланувчиларнинг бир қисми ҳибсга олинди.

Ҳаммаси бўлиб 15 нафар колумбиялик ва икки америкалик ҳибсга олинган. Уч киши полиция томонидан ўлдирилган, яна саккиз киши қочиб кетган. Аввалроқ Моизнинг қароргоҳига уюштирилган ҳужум иштирокчиларидан тўрт киши ўлдирилгани ҳақида хабар берилганди.

Колумбия мудофаа вазири Гаити президентини ўлдиришда гумонланувчиларнинг камида олти нафари истеъфодаги ҳарбий хизматчилар бўлганини айтиб, тергов ишларида ёрдам беришни ваъда қилди.

АҚШ Давлат департаменти Американинг икки фуқароси Гаитида ҳибсга олинганидан хабардорлигини маълум қилиб, Гаити ҳукумати тергов олиб бораётгани сабабли ҳибсга олинганларнинг фуқаролигини тасдиқлай олмаслигини айтди ва қўшимча изоҳ беришдан бош тортди. Маълум бўлишича, америкаликлардан бири ўзини Порт-о-Пренсдаги Канада элчихонасининг собиқ қўриқчиси деб атаган.

Гаити бош вазири вазифасини бажарувчи Клод Жозеф янги сайловлар ўтказилгунга қадар мамлакат раҳбари бўлиб қолади.

Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гаитидаги махсус вакили Хелен Ла Лайм маълум қилди. У, шунингдек, Жозефнинг ҳокимияти қонунийлигини тан оладиган ва рад этадиган томонлардан низоларни кейинга қолдиришни сўради.

«Манфаатдор томонлар ўзаро келишмовчиликларни четга суриб, олдинга борадиган йўлни белгилаб олиши ва ушбу қийин даврдан тинч йўл билан ўтиши керак», — деди Ла Лайм.

Таъкидланишича, 7 июль куни Клод Жозеф ҳукуматнинг қотилликка муносабатини бошқариш, хорижий ҳукуматлардан ёрдам сўраб мурожаат қилиш ва фавқулодда ҳолат эълон қилиш учун вазият юзасидан масъулиятни ўз зиммасига олди.

Эслатиб ўтамиз, Гаити президенти Жовенел Моиз 7 июлга ўтар кечаси отиб ўлдирилди. Порт-о-Пренсдаги президент қароргоҳига қуролли шахслар ҳужум қилган. Ҳужумда президентнинг рафиқаси Мартин Моиз ҳам ўқ еб яраланган. Шундан сўнг Гаити ҳукумати мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.