Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 5 июль куни Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.

Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Халқаро кун тартибининг долзарб жиҳатлари юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Давлат раҳбарлари мамлакатлар ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг, энг аввало, савдо-иқтисодий соҳадаги шерикликнинг бугунги ривожланиш суръатини мамнуният билан қайд этдилар.

Президентлар Афғонистоннинг шимолий ҳудудларидаги аҳвол ёмонлашиши муносабати билан Марказий Осиёдаги вазиятнинг ривожига алоҳида тўхталиб ўтдилар. Ўзбекистон ва Россиянинг ваколатли идора ва ташкилотлари ўртасидаги мунтазам мулоқотлар ва яқин ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.

Бундан аввал Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов Афғонистон чегараолди ҳудудларидаги вазиятнинг ривожланишини муҳокама қилгани, Шавкат Мирзиёев Афғонистондаги вазият юзасидан фикр билдиргани ҳамда Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон Афғонистондаги кескинликнинг кучайиши билан боғлиқ вазиятни муҳокама қилгани ҳақида хабар қилинганди.