Жо Байден ва Владимир Путиннинг Женевадаги учрашуви АҚШ учун эмас, Россия учун муваффақиятли бўлди. Шундай баёнот билан мамлакат собиқ президенти Дональд Трамп Fox News телеканали эфирида чиқиш қилди, деб ёзади Meduza.
«Биз Россияга баланд минбарни тақдим этдик. Эвазига эса ҳеч нарса олмадик, — деди у. — Бу Россия учун яхши кун бўлди, деб ўйлайман. Лекин бундан бизга қандайдир фойда бўлди, деб ўйламайман».
Ўзининг Путин билан алоқаларини эсга олиб, Трамп «у билан ҳақиқатан яхши келишгани»ни, аммо айни вақтда кўплаб санкциялар киритиш орқали барча Америка етакчилари орасида Россияга нисбатан энг кўп қаттиққўллик кўрсатганини таъкидлади. Бироқ Трампнинг қайд этишича, Россия «ўзини қўлга олганида», уларни шу заҳоти бекор қилган бўларди, шунда икки мамлакат ўртасидаги алоқалар ажойиб ва ўзаро манфаатли бўла оларди.
16 июнь куни Владимир Путин ва Жо Байден Женевада Россия ва Америка президентлари сифатида биринчи марта учрашув ўтказди. Саммит бир неча соат давом этди, шундан кейин президентлар галма-галдан алоҳида-алоҳида матбуот анжуманлари ўтказди.
Изоҳ (0)