Сирдарё вилоятида экстремистик ва террорчи ташкилотлар аъзоларининг таъсирига тушиб қолган 20 киши аниқланди, дея хабар бермоқда Сирдарё вилояти ИИБ ахборот хизмати.
Хабарга кўра, 16 июнь куни Сирдарё вилояти ИИБ ва ДХХ Сирдарё вилояти бошқармаси томонидан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Telegram орқали экстремистик ва террорчи ташкилотлар аъзоларининг таъсирига тушиб, радикал ғоялар акс этган аудио ва видеоматериалларни тарғиб қилиш билан шуғулланиб келган яширин гуруҳ қўлга олинди.
Ушбу жиноий гуруҳнинг Мирзаобод тумани ва Янгиер шаҳарларида яшовчи 20 нафар аъзоси қўлга олинди. Қўлга олинган шахсларнинг яшаш манзилларидан экстремистик мазмундаги материаллар процессуал тартибда расмийлаштирилиб олинган.
Ҳозирда Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бундан аввал ИИВ Ўзбекистондаги конституциявий тузумни ағдаришга даъват қилган Абдуллоҳ Зуфарнинг аниқ манзилини айтган шахсларга мукофот пули берилишини маълум қилгани, Самарқандда халқаро экстремистик гуруҳларга қўшилиб қолган 9 киши қидирувга берилгани ҳамда Самарқандда Сурия ва Яқин Шарқдаги террористик ташкилотларга қўшилмоқчи бўлган 14 нафар фуқаро аниқлангани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)