Ижтимоий тармоқларда бир қизнинг Шимолий Фарғона каналида чўкиб кетгани ҳақида видеотасвир тарқалган. Ҳолат юзасидан Наманган вилояти ИИБнинг расмий муносабат эълон қилди.
Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси масъул ходимининг берган маълумотига кўра, 2021 йилнинг 15 июнь куни соат 14:30 да Поп тумани ФВБга тумандаги «Анҳор» МФЙда яшаган, 2009 йилда туғилган вояга етмаган қиз маҳалла ҳудудидан оқиб ўтган Шимолий Фарғона каналига тенгдошлари билан бирга чўмилиш мақсадида бориб, сувга тушган ва қайтиб чиқмаган. Бу ҳақда келиб тушган тезкор хабардан сўнг орадан 10 дақиқа ўтгач, туман ФВБ ходимлари воқеа жойига етиб келиб, сув усти қидирув ишларини олиб борган.
Соат 16:00 ларда Наманган вилояти ФВБ ғаввослари томонидан канал йўли 4,5 метрлик сетка билан тўсилиб, сув ости қидирув ишлари олиб борилган.
Қидирув ишлари ҳозирга қадар (16 июнь) давом этмоқда. Ушбу ишга Наманган вилояти ва Поп туман ФВБдан 20 нафар, ИИБдан 6 нафар ходим жалб этилиб, ерусти ва сув ости қидирув ишлари давом эттирилмоқда.
Бундан аввал Бухорода сувга чўкиб кетган мактаб ўқувчисининг жасади бир кундан кейин топилгани, Нукусда ўзини каналга ташлаган қиз қутқарилгани ҳамда Тошкентдаги Бўрижар каналида чўкиб кетаётган икки кишини қутқариб қолган ФВВ ходимларидан бири ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)