Президент матбуот котиби Шерзод Асадов 14 июнь, душанба куни ўтказилган брифингдан сўнг ОАВ вакилларининг саволларига жавоб қайтарди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар бермоқда.

Асадовнинг қайд этишича, Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга бу сафарги ташрифи мобайнида Зарафшон дарёсида иккита ГЭС қуриш лойиҳаси бўйича қўшма акциядорлик жамияти ташкил этиш тўғрисида битим имзоланган.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

«Ўтган беш йил давомида икки давлат ўртасидаги бошқа соҳалар қатори гидроэнергетика соҳасида ҳам ҳамкорлик сифат нуқтаи назаридан ижобий томонга ўзгарди. Тожикистон ҳудудидаги Зарафшон дарёсида ГЭС қуриш масаласини ўрганишга икки мамлакат раҳбарлари 2018 йилда топшириқ берган эдилар.

Президентимизнинг Тожикистонга бу галги ташрифи доирасида аниқ бир ҳужжат — Зарафшон дарёсида иккита ГЭС қуриш лойиҳаси бўйича қўшма акциядорлик жамияти ташкил этиш тўғрисида битим имзоланди. Жамиятга юклатиладиган вазифа мазкур лойиҳани амалга ошириш учун тегишли барча ўрганишлар ўтказиш ҳамда лойиҳани техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқишдан иборат бўлади.

Ҳозирча бу иншоотлар қурилишининг сметаси ҳақида гапиришга эрта, аввал техник ва иқтисодий асослар ўрганиб чиқилиб, кейин бир тўхтамга келиш мумкин», — деди Президент матбуот котиби.

Унинг қўшимча қилишича, ГЭСлар қурилиши натижасида 1 миллиард 400 миллион киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти пайдо бўлади.

«Ўзбекистоннинг ўз эҳтиёжлари учун Тожикистондан қўшимча электр энергиясини етказиб бериш имкониятлари янада кенгаяди, ўз навбатида, Тожикистонда ҳам электр таъминоти яхшиланади.

Тожикистонга қилинган ташриф давомида ҳар икки давлат раҳбарлари томонидан битимнинг ижросига ўша кундан эътиборан киришиш лозимлиги ҳақида тегишли вазирликларга жиддий топшириқ берилган», — деди Шерзод Асадов.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг таклифига биноан 10 июнь куни расмий ташриф билан Тожикистонга жўнаб кетди. Ташрифнинг илк кунида давлат раҳбари Душанбе халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди, «Қасри Миллат» қароргоҳида уюштирилган тантанали маросимда қатнашди. Шу ернинг ўзида икки давлат раҳбарлари аввалига тор, сўнг кенгайтирилган таркибдаги учрашувларда иштирок этди.

Бундан ташқари, Самарқанд ва Хатлон вилоятларида қурилган ижтимоий объектларнинг очилиш маросими ўтказилди. Тадбирлар якунида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида 35 та ҳужжат имзоланди.

Душанбеда Ўзбекистон ва Тожикистон санъат усталари иштирокида бўлиб ўтган концерт олдидан Эмомали Раҳмон Шавкат Мирзиёевни биринчи даражали «Зарринтож» ордени билан мукофотлади.

Ташрифнинг иккинчи куни президентлар Хўжандга келди. У ерда «Қайроққум гиламлари» корхонаси фаолияти билан танишди.