Шавкат Мирзиёев ҳудудлар иқтисодиёти, аҳоли турмуш шароитлари билан яқиндан танишиш мақсадида 1 июнь куни Сурхондарё вилоятига жўнаб кетганди. Президент вилоятга ташрифини Шеробод туманидан бошлади.

Ташриф давомида давлат раҳбари Шеробод туманидаги «Каттабоғ» маҳалласида бўлиб, анорчилик билан шуғулланувчи Каримовлар оиласи билан суҳбатлашди. Президент матбуот котиби Шерзод Асадов уларинг суҳбати акс этган видеони эълон қилди.

Маълум бўлишича, 6 киши яшайдиган ушбу оилада анорчилик билан шуғулланиш авлоддан авлодга ўтиб келаётган касб ҳисобланади. Шавкат Мирзиёев оила бошига орден беришини билдирди.

«Меҳнат бўлмаса, даромад бўлмайди. Томорқада қилган меҳнатингиз учун раҳмат. Ҳар бир хонадонни сизнинг оилангизга ўхшаб ўзи меҳнат қилишига ўргатиб олсак эди, давлатимизда кам таъминланган оилалар бўлмасди», — деган Президент уларга қарата.

Шерободлик оқсоқоллар Ўзбекистон халқи ва Президентга эзгу ниятлар тилаб, дуо қилган.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев Сурхондарёда расмий ташриф билан 1–2 июнь кунлари бўлади.