Тошкент шаҳри Сергели туманида Isuzu автобуси йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ағдарилди, дея хабар қилмоқда «Тошшаҳартрансхизмат» ахборот хизмати.

Маълум қилинишича, 2021 йилнинг 7 май куни соат 11:15 атрофида 12-автобус саройи тасарруфидаги, сарой рақами 287 бўлган, 130-сонли автобус йўналишида ҳаракатланувчи Isuzu русумли автобус Нилуфар 3-тор кўчаси бўйлаб Нилуфар чорраҳаси томон бошқариб келинаётган вақтда мазкур чорраҳада Matiz русумли енгил автомобиль автобуснинг чап томонига келиб урилган. Натижада автобус мувозанатни йўқотиб, ағдарилган.

Дастлабки маълумотларга кўра, ушбу йўл-транспорт ҳодисаси Matiz ҳайдовчисининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши натижасида содир бўлган.

Мазкур йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида автобуснинг тўрт нафар йўловчисига тан жароҳати етган ва улар Республика шошилинч тез ёрдам илмий марказига етказилиб, тез тиббий ёрдам кўрсатилган.

Бундан аввал Жиззахда Nexia-2 уриб юбориши оқибатида 12 ёшли қиз вафот этгани, Асакада Лабо тўхтаб турган «ГАЗ-53» юк машинасига бориб урилгани ҳамда Чилонзорда Cobalt ва Matiz тўқнашиб, ағдарилиб кетгани ҳақида хабар берилганди.