Наманганда сел айрим йўлларга зарар етказиши оқибатида транспорт ҳаракати чекланади, дея хабар қилмоқда ЙҲХББ матбуот хизмати.
Маълум қилинишича, 2021 йил 6 май куни соат 17:20 ларда Наманган вилоятининг айрим йўлларида сув тошқини оқибатида транспортлар ҳаракати чекланади.
Хусусан, Поп тумани «Найман» ҚФЙ ҳудудидан ўтган 4Р-126 йўлидаги ҳаракат Балиқчи—Мингбулоқ—Найман—Пунгон автомобиль йўли (Қўқон шаҳрига олиб борувчи) орқали ташкил этилган.
Шунингдек, Поп—Қўшминор 2 темир йўл бекатлари оралиғининг 106-километрида темир йўл изини лой аралашмаси кўмиб ташлагани сабабли темир йўлда поездлар ҳаракати чекланди.
«Ўзбекистон темир йўллари» компаниясининг хабар беришича, 7 май куни Тошкент—Андижон йўналиши бўйича 60-сонли поезд рейси бекор қилинган. Йўловчилар сотиб олган чипталарнинг пули тўлиқ қийматда вокзаллар чиптахоналарида қайтарилади ёки бошқа санага алмаштирилиши мумкин.
Мазкур ҳолат Фарғона водийсига ва у ердан бошқа вилоятларга ҳаракатланаётган барча йўловчи поездларнинг ҳаракат жадвалига ҳам таъсир кўрсатиши мумкинлиги таъкидланган.
Бундан аввал Самарқандда кучли ёмғир кўчаларни яна сувга тўлдиргани ҳамда кучли ёмғир сабабли Damas сойга тушиб кетгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)