Қирғизистон ва Тожикистон ўз ҳарбий кучларини чегара чизиғидан олиб чиқишни якунлади. Бу ҳақда Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Қирғизистон чегара хизмати матбуот хизмати «Интерфакс»га хабар берди.
«Томонлар давлат чегарасидан қўшимча кучлар ва техникаларни ўз ҳудудларига олиб чиқишни якунлади. Қирғизистон ва Тожикистон мудофаа вазирликлари офицерларидан иборат қўшма комиссия қўшимча кучлар ва техникалар жойлашган ҳудудларни текшириш ишларини давом эттирмоқда», — дейилади хабарда.
Миллий хавфсизлик қўмитаси маълумотларига кўра, 3 май куни соат 09:30 ҳолатига кўра, давлат чегарасининг қирғиз-тожик қисмидаги вазият барқарор. Ўтган тунда ҳеч қандай воқеа ёки отишма қайд этилмаган.
«Чегара бўлинмалари кучайтирилган режимда навбатчилик қилмоқда, қирғиз-тожик давлат чегарасининг бутун чизиғи бўйлаб патруль хизмати амалга оширилмоқда», — дея таъкидлади матбуот хизмати.
Шунингдек, Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Ализа Султонбекова чегарадаги можаро натижасида жароҳат олган Қирғизистон фуқаролари сони 183 кишига етганини маълум қилди.
«Тожикистон билан чегарадаги можарода жароҳат олган Қирғизистон фуқаролари сони 183 кишига етди, 34 киши вафот этди», — деди Султонбекова.
Аввалроқ тўрт кунлик низо мобайнида Қирғизистон томонида 34 киши ҳалок бўлгани, 178 киши жабрлангани ҳақида хабар берилганди. Қирғизистон ИИВ маълумотларига кўра, низода ҳалок бўлганларнинг барчаси ўқотар қурол орқали ўлдирилган.
Тожикистон ҳукумати Қирғизистон билан чегарадаги тўқнашувларда ҳалок бўлганлар сони ҳақида расман эълон қилганича йўқ, аммо маҳаллий манбаларга кўра, 2 май кечқурун ҳолатига тахминан 16 киши ўлдирилган. Яраланганлар сони 110 кишидан ошади, улар орасида Исфара шаҳар мэри ҳам бор.
Тасдиқланмаган хабарларга кўра, Тожикистон томонида ҳалок бўлганлар сони 20 нафаргача, яраланганлар — 160 нафаргача бориши мумкин.
Аввалроқ Қирғизистон ва Тожикистон ўз қўшинларини давлат чегарасидан олиб чиқиб кетишни бошлагани, шунингдек, низо чоғида гаровга олинган ўн нафар Қирғизистон фуқароси Тожикистонда асирликдан озод этилгани, низодан кейин 11 та жиноят иши қўзғатилгани хабар берилган эди.
Изоҳ (0)