Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

2021 йилнинг 1 апрелида Риштон–Сўх йўли яна очилди. Умрида Сўхга бормаган, бу туман ҳақида тузукроқ тасаввур-тушунчаси йўқ киши янгиликни шунчаки, ҳар доим эшитадиган ахборотидек қабул қилар ёки аҳамият бермас, лекин сўхликлар учун йўлнинг очилгани ҳақиқий бахт – байрам. Анклав ҳудудда яшаб, қўшни туман ёки вилоят марказига бориш учун бутун бошли кунни (камида 5–6 соат ўтиб-қайтишга сарфланади) чегара постларда офтоб тиғида қоврилиб, ёмғир-қорда ивиб ўтказиш, қардош халқнинг талаб-шартларига кўниш, мўлжалингдан кўпроқ сарф-харажатга тушиш – назардан четда қолган туман аҳлига оғирлик қилади.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати
Сўх билан Риштон орасини боғлаб турадиган йўл бор-йўғи 19 километр. Ўртадаги қирғиз ерини айтмаса, бир-бирига ёнма-ён қўшни туманлар. Тили ҳам (тожикча гаплашишади), урф-одатлари ҳам ўхшаш. Шунгами, риштонликлар Сўхга борса ёки сўхликлар Риштонга келса, тил топишишда, муомалада ҳечам қийналмайди. Йўл очилгач, мен ҳам сайр-саёҳат баҳонасида Сўхга отландим. Аммо сафар мен ўйлагандан мутлақ бошқача кечди.

«‘Қизил паспорт’ бўлмаса, мумкин эмас!»

Фото: «Дарё»
Йўлга тушмасимдан аввал шу «янгилик»ни етказишди. Чилонзор туман Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимидан хорижга чиқиш биометрик паспортини олгунимча, ўн кундан кўпроқ вақт ўтди. Сўнг Риштонга кетдим. У ерда: «Коронавирус бор-йўқлигига тест топширишинг керак!» дейишди. Тестни-ку, топширарсиз, лекин кимдир туманда топширилгани, бошқаси вилоят марказидан бериладиганини айтавериб, одамни иккилантириб қўйди. Охири Фарғона вилояти Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошқармасидан COVID-19’га топширган тестим натижасини олиб (тест 72 соат учун амал қиларкан, холос. Белгиланган муддат ўтиб кетса, яна қайтадан топшириш, харажатлар бошланаркан), хотиржам «Риштон» чегара постига бордим. Одам сийрак, ўтиб-қайтгувчилар тартиб билан аста, шошилмай, кириб чиқишяпти. Қаерга, нима мақсадда кетаётганимни сўрашди. Қўлимдаги сумка, ҳужжатларим обдон текширилди. Нозир дарчасидаги камерага суратим олингач, бетараф ҳудуддан Қирғизистон томонга ўтдим. У ерда ҳам худди шу саволлар такрорлангач, паспортимга рухсат муҳри урилди. Энди қўшни давлат ҳудудида туриб, уловимиз етиб келишини кута бошладим. Омонатгина қурилган бекатда шерикларини кутиб ўтирган риштонлик бир опа билан пича гурунглашдим. «Қизимни Боткен вилоятига узатгандим. Фарзандли бўлди. Кўрманасига бешик олиб кетяпман. Аввал Водил йўлидан 5–6 соатда бориб келардим. Ҳозир, мана, шундоқ постдан ўтаман-у, ўн беш дақиқада қизимнинг уйига кириб бораман», дейди. Ҳа, йўл очиқлиги кўпчиликнинг, жуда кўпчиликнинг ҳаёти, турмуши, эртасига таъсир қиларкан...

Гирди тутзор далалар бор экан!

Фото: «Дарё» / Фаррух Жумабоев

Келишилган улов ҳам постдан ўтиб ёнимизга келди. Карантин кучайтирилганигами ёки йўл эндигина очилганигами, йўловчи машиналар обдон текшириларкан. Ҳар бир кишига белгиланган оғирликдаги юкни олиб ўтишгагина рухсат берилибди. Оғирроқ ё ҳажми каттароқ буюм-юклар ҳали ҳам Водил йўли орқали ўтказилаётган экан.

Неварасига бешик олиб кетаётган аёл билан хайрлашиб, йўлга тушдим. Атрофдан баҳорнинг илиқ-иссиқ тафти келади. Қирғизларда ер кўплиги боис уйлар орасидаги масофа ҳам анча кенг. Бир қўшни иккинчисиникига бораман деса, 10–15 дақиқа вақти кетади-ёв! Бир-бириникига ўхшатиб пишган ғиштдан иморат солиш, томини қиррали, ялтироқ тунукадан қилиш урфга айланган, шекилли, кета-кетгунча якранг андозадаги уйларни кўрдим.

Йўлдаги яна бир манзара эътиборимни тортди. Болалигимизда пахта, буғдой экиладиган водий далалари четида ғуж-ғуж тутлар бўлар, деҳқонлар кун тиғида ўша тутлар соясида дам олиб, пешиндан кейинги ишга куч йиғишарди. Лекин вақт ўтиб, булар кимгадир ёқмадими ё бошқа сабаб, ҳайтовур ҳозир водий йўлларида гирди тутзор далаларни кўрмайман. Болалигимнинг бир хотирасини йўқотгандекман. Аммо қирғиз ерларида тутлар жуда кўп экан. Ҳаммасини бир текис, чиройли каллаклаб қўйишган. Дала қўриқчисидек саф тортган.

Аксар қирғиз деҳқонлари асфальт йўлга шоли ёйиб, офтоб тиғида донини қуритишаркан. Бизнинг туманда шолини кўпинча каттароқ, махсус қурилмада қуритишади. Бу ерда эса маҳаллий деҳқонлар тегирмонда шолини гуручга айлантиришдан аввал уни текис йўлга ёйиб, яхшилаб қуритиб, кейин янчишаркан.

Йўл-йўлакай ҳамроҳларни гапга солдим. Йўлнинг очилгани яхши бўлдими ёки машаққатлар ўша-ўшалигича қолдими, деб сўрасам:

– Йўқ, анча яхши. Водил тарафдан ўтиб қайтмагансиз-да, билмайсиз! Ҳозир яғир елкасига офтоб теккан отдек суюняпмиз, – деди чапда ўтирган онахон.

– Ҳа, мана, мендан сўранг. Ўттиздан ўтиб, маълумотимни олий қилгим келди. Аёллар дўхтирлигига ўқияпман, – деди ўзини Тул қишлоғиданман деб таништирган опа. – Эҳ-ҳе, Андижонга бориб келгунимча она сутим оғзимга келиб, бир куни шарт қўл силтаб, ўқишни ташлагим ҳам келган. Йўл азоби – гўр азобилигини биздан сўранг. Ўзимизни постдан тезда ўтамиз, қўшни давлатникида соатлаб, қорми, ёмғирми фарқи йўқ, ўтираверардик. Олдинлари ўқишдан уйимга ойлаб қайтмасдим. Юрагим безилларди. Болаларимни соғиниб эзилиб кетардим. Мана, охирги ўн кун ичи икки марта ўтиб-қайтдим, синглим.

«Қишлоғимизга гинеколог керак!»

Фото: «Дарё» / Фаррух Жумабоев

Тахминан, 40–45 дақиқача юриб, «Этикчи» қирғиз чегара постига етдик. Машинадан тушиб, ҳужжатларни бериб, турнақатор бўлиб, паспортимизга муҳр босилишини кутдик. Яна савол-жавоб бошланиб, нега ўтиб-қайтаётганимиз, қаерга қандай мақсадда кетаётганимиз сўралди. Ҳар ким муроди нелигини тилига кўчирди. Рухсат муҳри урилгач, яна йўлга тушдик.

Риштон тарафдан борганда Тул қишлоғи Сўхнинг дарвозаси бўлиб хизмат қиларкан. Атрофи қўнғир, оловранг, гўё белига кимдир тасма боғлаб қўйгандек қад керган тоғлар орасидаги дўппидек қишлоқ узоқдан ажиб кўринарди. Тепадан эниб пастга тушганинг сари митти-митти уйчалар каттариб, қишлоқ бор сумбатини кўз-кўзларди.

– Дўхтирликка ўқияпман, дедингиз. Болалар билан қийналмаяпсизми? – опа билан яна гаплашгим келади.

– Ўқимасам, қишлоқ аёлларини кўриб қўядиган гинеколог қолмайди, синглим. Ҳозир қишлоғимизда пенсияга эрта-индин чиқаман деб турган биргина гинекологимиз бор. У опаям кетиб қолса, аёллар қаерга боради? Ҳамманиям вилоятга, марказроқ туманларга бориб кўринишга қурби етмайди. Қийналсам ҳам, майли. Қишлоғимиз аёлларига ёрдамим тегади-ку!

– Нега мутахассис кам? Вилоятдан сўрашмайдими?

Биринчидан, Сўхга четдан келиб ишлайдиган таваккалчининг ўзи йўқ. Иккинчидан, қиз-келинини шу соҳага ўқитадиганлар кам. Бизда университетга тайёрланиш, репетитор деганга унча жиддий қарашмайди. Кейин контракт-шартнома пулини ҳаммаям тўлолмайди. Ўзим ҳам болаларимдан орттиролмаганим учун шу пайтгача ўқиёлмадим. Ўтган йили сўхлик хотин-қизларга ажратилган квота билан давлат гранти билан ўқишга кирдим.

Шу палла қишлоқ пойидан оқиб ўтадиган Сўх дарёсига кўзим тушди-ю, сувининг шаффофлигидан лол қолдим – бундай тиниқликни (четидаги тошлари ҳам оппоқ – марвариддек товланади) ҳатто «сойлари солланиб оқадиган» Шоҳимардонда ҳам кўрмагандим. Ҳужжатларимни текшираётган нозирдан атайин: «Дарёнинг номи нима?» деб сўрасам, «Билмайман!» деди. Узун шлагбаум олдидаги аскар йигит: «Сўх дарёси» деди шоша-пиша.

Сўх дарёси

Сўх дарёси
Фото: Сўх туман ҳокимлиги Telegram канали
Сўхликлар Тул қишлоғини ўзаро «Тил» деб айтишаркан. Негалигини сўрасам, тузукроқ жавоб айтишмади. Балки, тилга шуниси ўнғайми ёки этимологик тарихи борми, билолмадим. Тулда шифокорликка ўқиётган опани қолдирдик. Фарзандларини отасиз ўстираётган ёлғиз она учун йўлнинг очилгани, квота сабаб давлат гранти билан ўқиётганидан мен ҳам қувондим. Дунёда энг ёмони – одамнинг қадри бўлмаслиги. Буни ҳамроҳларимнинг ҳикоясидан фаҳмладим.

Лингбурд — «тиззаси чопилган»лар қишлоғи(ми?)

Гумбара қишлоғи

Гумбара қишлоғи
Фото: «Дарё»

Тулни орқада қолдириб, туман марказига йўл олдик. Дарвоқе, Сўхга кираверишда – Тулнинг ўзидаёқ ҳавонинг тозалиги, табиатнинг бетакрорлиги кайфиятимни сал кўтарганди. Шаҳарнинг дим, турфа ис қоришиқ ҳавосига тўлган ўпкам кўпдан бери тоза ҳаво симириб яйрамаганди. Худди тоғга кўтарилган одамдек қулоғим ҳам чиппа беркилди. Беш-ўн дақиқача овозларни тузукроқ англолмадим. Сўхликларнинг тожикчасига ўхшамайдиган талаффузимни аллақачон сезган ҳайдовчи йўлдаги диққатни тортгулик нарсаларни тушунтира кетди:

– Ҳов, анави тоғнинг тагидаги қишлоқ – бизники. Лингбурд дейишади.

– Лингбурд? Қизиқ ном экан...

– Ҳа, қадимда ота-буваларимиз қишлоққа мабодо бегона эркак киргудек бўлса, «тиззангни чопаман» деб қўрқитишган экан. Бир-иккитасини кесишган ҳам дейишади. Шунгами, қишлоқ номи Лингбурд бўлиб кетган. Қирғизлар билан ёнма-ён – тоғнинг нарёғида улар, берисида биз бақамти яшаймиз.

– Қуда-андаям бўлиб кетгандирсизлар? – дейман қизиққанимдан.

– Йўғ-а, бундай алоқа йўқ. Бошқа қишлоқларда бўлмаса, бизникида қуда-анда бўлган одамни эшитмадим.

Лингбурднинг қизиқ тарихини, қирғизлар билан орада вақти-вақти билан бўлиб турадиган можаро-келишмовчиликларни эшитиб, Гумбара қишлоғини тепадан суратга олдим. Гумбара – нариги томон, демак. Йўлимизга чаплиги учун қишлоққа кирмадик.

«Боғ сайри» нелигин билмай ўсаётган болалар

Сўх туманидаги «Дўстлик» маданият ва истироҳат боғи

Сўх туманидаги «Дўстлик» маданият ва истироҳат боғи
Фото: «Дарё» / Фаррух Жумабоев

Ниҳоят, туман марказига етдик. Атрофга қарасам, тўрт тараф ҳам тоғ. Баъзиларининг қори ҳали эримаган, узоқдан кўкиш ҳалқоб ичида сузиб юргандек туюлади. Мўжаз шаҳарчага кираверишда – «Навобод» МФЙ ҳудудида қурилажак аэродромга пойдевор қуйилаётган экан. Айтишларича, лойиҳа қиймати 12 млрд сўмга етаркан. Аэродром қуриб битказилса, тумандагилар Фарғона шаҳрига ҳаво йўллари орқали бориб-келиши таъминланаркан. Буниси энди жуда катта енгиллик.

Сал юргандик, чап тарафда «Дўстлик» маданият ва истироҳат боғи бор экан. Боғнинг темир панжаралари тақа-тақ ёпиқ. Негалигини сўрасам, ҳайдовчи заҳарханда кулди:

– Э, бу боғга қарғиш теккан, парво қилманг, – деди.

– Нега? Муқаддас жоймиди?

– Ҳа, йўқ... Иккими-уч ой ишлаб, бирдан ёпилди. Ҳамма ҳайрон. Билсак, анави ҳалинчаклари талабга жавоб бермаскан. Йиқилиб тушиш хавфи бор дейишди. Қаранг, шуниям эскисини олиб келиб, қуриб қўйишган чоғи. Ўзи сўхлик болаларнинг пешонаси ялтирашга ҳам улгурмайди. Нимадир қурса бузуқ чиқади, ё кимдир еб кетади.

– Бундан бошқа жой йўқми дам олгани? – сўрадим атайин.

– Пули борлари Фарғонага бориб айланиб келади, имкони йўғи қишлоғидан чиқмай ўтираверади. Бечора болаларга баъзан раҳмим келади. Сайр нима, ота-онаси билан айланиш нима, темир арғимчоқда учиш нима – билмайди. Телевизорда кўри-и-и-б юраверади.

Бошқа савол бермадим. Ярасини яхшилаб янгилаганим етар. Сўх туманидаги 1-мактабда оилавий танишимизнинг қизи ишларди. Йўлга чиққанимда бувимдан шу опанинг манзилини олгандим. Дараклаб-сўроқлаб, топиб бордим. Дилфуза опа юқори синфларга ўзбек тилидан дарс берарканлар. Мириқиб суҳбатлашдик.

Фото: «Дарё» / Фаррух Жумабоев

– Сўхда бирортаям ўзбек тилига ихтисослашган мактаб йўқми? – дейман тожикча лавҳаларга ҳайрон қараб.

– Йўқ, ҳамма мактаб тожик тилида ўқитади. Ўзбек тилига ихтисослашган мактаб бўлиши учун, ўзингизам биласиз, мутахассис керак. Баъзи ўқитувчиларимиз иккинчи мутахассислик қилиб ўқишяпти. Лекин шуям етмайди. Четдан на шифокор, на ўқитувчи юрак ютиб келади. Ҳатто, ўзимизнинг талаба болаларимиз ҳам қайтишга иккиланади. Бошқа шароит ва муҳитни кўргандан кейин фикри ўзгарса керак-да.

– Ўн бир йил тожик тилида савод чиқариб, ҳарф таниган бола эртага ўқишга имтиҳон топшираётганда қийналмайдими?

– Қийналади! Мана, сиз ўзбек синфида ўқиб, яна она тили ва адабиёт бўйича репетиторга боргансиз. Тил қонун-қоидалари мураккаблигини мендан яхши биласиз. Энди тожик болаларнинг аҳволини тасаввур қилаверинг. Ўзбекчада тузукроқ гаплашолмайди-ю, қоидаларни таталаб ўрганади. Ўқишга кирмоқчи бўлгани ҳаракатини қилади. Репетиторга боради, қўшимча дарсларга қатнайди, ишқилиб, йўлини топади. Ўқишни хоҳламайдигани мактабни тамомлагач ё Россияга кетади, ё даласида кетмон чопади. Қизлар эса тикиш-бичиш, пишир-куйдирни ўрганволиб, турмушга чиқади.

– Бирор ишлаб чиқариш корхонаси ё иш берадиган тадбиркор йўқми?

– Цемент заводни айтмаса, на цех бор, на корхона. Ўғил болалар эсини танигандан Россияга кетишга ошиқади, қизларни бўлса эгасига топшириш тараддиси кўрилади. Лекин ўтган йилги квота сабаб кўпчилик ўқишга кирди. Шунақа шароитлар ҳам бор экан-ку!

– Қизларга касб-ҳунар ўргатадиган бирор марказ ишламайдими? – яна ижикилаб сўрайман.

– Тикувчилик билан пишириқ курсларини айтмаса, дурустроқ машғулот йўқ. Кўпи далада чопиқ қилади, турмушга чиқса, уй-рўзғор ишидан ортмайди ҳам.

– Боя йўлда келаётиб, бир опа қишлоғимизга аёллар шифокори етишмайди, деди. Бу ерда ҳам шундайми?

– Туман касалхонасида бир аёл ва уч эркак гинеколог ишлайди. Дўхтир Гулчеҳра опага навбат кўплигидан (аксар аёл эркак шифокорга кўрингиси келмайди) баъзилар сабри етмай, Фарғона шаҳрига боради. Йўл узоқлигигаям қараб ўтирмайди. Ўзимам келинимни кўпинча марказга олиб бораман. Имконияти йўқлар жони оғрисаям, тишини тишига босиб, навбати келишини кутади. Мана шу муаммо неча йилдирки, ечилмай қоляпти. Аслида, айб ўзимизда! Қизларимизни шифокорликка ўқитмаймиз. Кейин аёл шифокор излаб юрамиз.

– Келаётиб, қулфлоғлиқ истироҳат боғига кўзим тушди. Ҳайдовчи ҳазиллашиб, лаънатланган жой деди. Сўхда болалар бориб ўйнайдиган бошқа жой йўқми?

– Йўқ! Боғнинг аттракционлари носозлигидан ҳеч қанча ўтмай ёпиб қўйишди. Ҳалигача тузатишмайди. Сал четроқда лагер қурилаётганди, уям ёпиб қўйилибди. Қишлоқдаги болалар мол боқади, шаҳардагиси бошқа юмушини қилади – куни ўтади-да.

Дилфуза опа билан икки соатча дилдан гаплашдим. Ҳамма саволимга эринмай, рўй-рост жавоб эшитдим. Сўхликларнинг дангал-дадиллигини ёқтириб қолдим.

Ариқ сувига нон ботириб еса бўлади

Фото: «Дарё» / Фаррух Жумабоев

Мактабдан чиқиб, Сўх туман деҳқон бозорига кирдим. Одатда, қизиқ гапларни бозорда эшитиш мумкин. Ғафур Ғулом ҳам арзимас баҳонани тутволиб, бир боғ кўкат учун бозор оралаб кетганини, савдогарларнинг гурунгини мириқиб тинглаганини хотираномаларда ўқигандим. Туман деҳқон бозори янгитдан қурилаётгани, орқа тарафида баланд иморат ҳали тўлиқ битказилмаганигами савдогарлар тартибсиз жойлашиб, молини ҳар ерда сотяпти. Атрофдагилардан бозор растаси қаерда, деб сўрасам, «Бизда раста йўқ», дейишди. Тошкент-у, водийда кўзим ўрганган расталарни Сўхдан тополмадим.

Тадбиркор Қаҳрамон Маҳмудов

Тадбиркор Қаҳрамон Маҳмудов
Фото: «Дарё» / Фаррух Жумабоев

Фото: «Дарё»/ Фаррух Жумабоев

Бозордан чиққач, бир уловни кира қилиб, Дилфуза опа топиб берган сураткаш бола ҳамроҳлигида «Сариканда» МФЙдаги Ҳазрати Али зиёратгоҳини дараклаб кетдик. Қишлоқнинг тепароғида жойлашган зиёратгоҳга кўпинча келин-куёвлар тўй куни келиб, суратга тушишар, зиёратгоҳга ёндош масжидда никоҳ ўқитишаркан.

Ҳазрати Али зиёратгоҳи

Ҳазрати Али зиёратгоҳи
Фото: «Дарё» / Фаррух Жумабоев

Атрофга чиройли супалар, усти ёпиқ айвонлар қурилган, ёз ойлари зиёратчилар шу ерда ҳордиқ чиқариб, кўнгил чигилини ёзишаркан.

Фото: «Дарё» / Фаррух Жумабоев

Зиёратгоҳ ободлигига 92 ёшга кирган Тошкентбой ота Ашуров узоқ йиллардан бери масъул экан.

Тошкентбой ота Ашуров ва унинг набираси

Тошкентбой ота Ашуров ва унинг набираси
Фото: «Дарё» / Фаррух Жумабоев

– Бу ерга кимдир Худойимдан фарзанд, кимдир кори-хайрининг ривожини сўраб келади, – дея Тошкентбой ота зиёратгоҳ тарихини сўзлаб берди. – Парвардигор ҳам сўрганни ноумид қилмайди. Дуосини ижобат қилади. Мақбара ичида ҳеч қандай қабр йўқ. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг севимли жиянлари ва куёвлари Ҳазрати Али ислом динини ёйиш ниятида шу тупроққаям қадам босган эканлар. Табаррук қадамлари етган жойни ота-буваларимиз муқаддас билиб, атрофини гувала, тош билан ўраб қўйишган экан. Кейинчалик қадам етган жой ўрнида мақбара қурилади.

Ҳазрати Али зиёратгоҳига ёндош масжид

Ҳазрати Али зиёратгоҳига ёндош масжид
Фото: «Дарё» / Фаррух Жумабоев

Тошкентбой отанинг қизиқ ҳикояларини эшитиб, дуоларини олиб, ўтган йили номи овоза бўлган Чашма булоғига олиб боришларини сўрадим. Булоқ деганда бир энлик, биқирлаб-қайнаб ётган жойни тасаввур қилган эканман. Чашма таърифлаганларидан зиёда экан: сувининг тиниқлигидан булоқ тубидаги жамики гўзаллик манаман деб турар, узоқдан кўлга ҳам ўхшаб кетарди. Яқинроқ бориб, тикилсам, ҳар ерда билинар-билинмас титроқ – сувнинг ер тубидан биқирлаб чиқаётгани кўринди. Худди сувга майда тош отгандек юзаси ҳалқоб тортаркан.

Сўхликларнинг фахри, ҳаёт манбайи – Чашма булоғи

Сўхликларнинг фахри, ҳаёт манбайи – Чашма булоғи
Фото: «Дарё» / Фаррух Жумабоев

Бутун Чашма аҳли ва сўхликлар шу сувдан ичади, эҳтиёжига ишлатади. Қишлоққа кираверишда бир ҳолатдан жуда таъсирландим. Бундан йигирма йиллар аввал кўчамиз бошидаги ҳовузга шарқираб қуйиладиган ариққа нон ботириб ердик. Сувни азиз тутиб, одамлар на чиқинди, на кўчасининг супуриндисини, кирининг мағзавасини оқизарди. Ҳозир Риштонда тоза ариқни топишнинг ўзи муаммо. Сўхда болалар эшиги олдидан оққан сувдан симириб-симириб ичаётгани, нон ботириб еяётганини кўриб, болалигимнинг унутилган йилларини эсладим. Ариқ лаби, чашма атрофида на ахлат, на ишлатилган елим пакет, баклажка, супуринди кўринади. Атрофда табиатнинг гард инмаган гўзаллиги ҳукмрон. «Экологик тоза ҳудуд» деб шу ерни кўрсатиш керак. Чашма сувини кўп хасталикка даво, дейишаркан. «Ба нияти шифо» деб дардмандларга ихлос билан кўп-кўп ичиришаркан.

Чашма атрофида келин-куёвлар тўй куни сурат олдириб, хотирага муҳрлашади.

Чашма атрофида келин-куёвлар тўй куни сурат олдириб, хотирага муҳрлашади.
Фото: «Дарё» / Фаррух Жумабоев

Вақт пешиндан оғиб, сафарим қариётганини сезсам-да, Сўхга келаётганда эшитганим «аёл гинекологларнинг етишмаслиги» хаёлимдан кетмас, туман шифохонасига бориб, бирор масъулдан бунга тайинли жавоб олгим келарди. Сураткаш болага муддаойимни айтгач, йўл бошлади. Касалхонага боргач, туғруқ бўлими дарчасини тақиллатдик. Акушер-гинеколог Гулчеҳра опани сўраттирсам, иш вақти тугаб, кетиб бўлган экан. Икки навбатчи аёлдан тузукроқ гап ололмадим.

Сўх тумани Марказий шифохонаси

Сўх тумани Марказий шифохонаси
Фото: «Дарё» / Фаррух Жумабоев

Бош шифокорга учрашарман, дегандим, эшиги қулфлоғлиқ экан. Ўрнига ўринбосарини топдим.

Сўх тумани тиббиёт бирлашмаси бош шифокор ўринбосари Баротжон Маъруфов

Сўх тумани тиббиёт бирлашмаси бош шифокор ўринбосари Баротжон Маъруфов
Фото: «Дарё» / Фаррух Жумабоев

– Бизда, аслида, умумий амалиёт шифокори етишмайди, – деди Баротжон ака Маъруфов. – Гинекология бўйича муаммоларни йилма йил камайтиряпмиз. Ҳозирча жуда қийналиб, оғир аҳволга тушгулик вазиятда эмасмиз. Бор умидимиз сўхлик талабалардан. Майли, олти-етти йил кутсак ҳам ўшаларнинг келишига кўз тикяпмиз.

– Кутилмаганда аҳволи оғирлашган, туғруғи қийин кечадиган аёлни олиб келишса, биринчи тиббий ёрдам қандай кўрсатилади? – дейман.

– Мутахассислар камлигига ҳамма бир-бирига ёрдам беради. Жарроҳимиз мураккаб операцияларни ҳам қилишига тўғри келган. Сиз айтган ҳолатда ҳеч бир муаммо бўлмайди.

– Коронавирус оғир кечмадими туманда?

– Худога шукр, ўлим суръати, касалланиш сони анча паст бўлди. Анклав ҳудудлигимизга четдан келганларни тезда ўн тўрт кунлик карантинга олиб, касал юқтирганини даволаб, чорасини кўрдик. Ҳушёр қишлоғида ўтган йили 50 койкали жой ҳам ҳозирлагандик. Табиатнинг ўзиям ёрдам берди. Ҳавомизнинг тозалиги, одамларнинг ўзини ўзи асраб, эҳтиётини қилганиям фойдамизга ишлади.

Саёҳатимни шу ерда тугатиб, Риштонга қайтиш тараддудига тушдим. Туман марказидан йўловчи уловга ўтириб, ортимга қайтарканман, бирорта ўғил-қиз билан гаплашмаганим, уни қийнайдиган муаммоларини эшитмаганимни эсладим. Ортга қайтай десам, йўлнинг ярмидаман. Ҳам жуда толиққандим. Вақтнинг шомга қараб кетаётгани ҳам бир тараф. Манзилга етай деганимда, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида ўқийдиган Шоҳрўз хаёлимдан ўтди. Бир гал телевизорда: «Сўхдан келиб, шу даргоҳда ўқийдиган ёлғиз ўзимман» дегани қулоғимга чалинганди. Тошкентга қайтсам, кўришишни, суҳбатлашишни мўлжалладим.

Уйга қайтиб, сўхликлар нега Риштон, Қўқон, Фарғона шаҳарларига ошиқишини тушунгандекман: ривожланиш ҳаминқадар, ишлаб чиқариш деярли йўқ (оддий трикотаж маҳсулоти ҳам анқога шафе), озиқ-овқат, кийим-кечак хийла қиммат, болалар ўйингоҳи, дам олиш маскани бир умрлик орзу бўлаётган ҳудуд учун марказ ягона илинж.

«Ўзбек тили муаллими ҳаммадан кам ойлик олади!»

Тошкентга қайтгач, Шоҳрўзни топдим. Талаба ўғлоннинг дарди анча йиғилиб қолган чоғи, сўхлик ёшлар таълими, уларни кўпроқ нима қийнаши ҳақида сўраганимда, бошидан ўтганларини сўзлай кетди:

Фото: Шоҳрўз Умаржоновнинг шахсий архивидан

– 2016 йилнинг 3 январида Сўхдан чиқиб, Водил йўли орқали 180 км айланиб, ўқишга тайёрланиш ниятида Риштон шаҳрига репетиторга борганман. Ўзимизнинг туманда йўқлигига кўпчилик четга бориб ўзбек тилидан тайёрланишга мажбур бўлади. У пайтлари ҳам Сўхда газ-свет деярли ўчмас, аммо ўқишга тайёрланиш учун бундан бўлак шароит топилмасди. Ҳар куни лицейга бораримда қишлоқлараро қатнайдиган «дамасчи»ларнинг: «Ўқишга пули бор киради!» дейишлари ишончимни ўлдирарди.

Риштоннинг энг олди репетитор ўқитувчилари қўлида ўқирканман, ўзбек мактабини битирган тенгқурларим орасида ўзимни яккалангандек, бошқа сайёрадан келгандек сезардим. Еттита тилда таълим бериладиган юртимизда ўзбек тили фани давлат тили сифатида ўқитилса-да, ҳалигача олий таълим муассасасига ўқишга кириш учун барча миллий мактаблар қатори она тили ва адабиёт (ўзбек тили) фанидан имтиҳон топширилади. 5–6 йиллар аввал бу муаммо ўзга тилли мактаблар сонини қисқартириш ҳисобига «ҳал этилаётган» эди. Аммо кўп миллатли ва бағрикенг халқ бўлганимизгами, бундай сиёсат аллақачон тўхтатилди.

Мактаб ва лицейда ўқиган йилларим Сўх туманида давлат тилини билиш – билим, имконият ва салоҳият сифатида эмас, балки сиёсат сифатида қараларди. Гарчи Конституциямизда керак ўринларда она тилимизда иш олиб боришга имконият ёзилган бўлса-да, вилоят ёки пойтахтдан туманимизга кимдир меҳмонга келса, пешлавҳалар алмаштириб қўйиларди ҳатто. Ҳаммадан кам ойлик оладиган ўзбек тили фани ўқитувчиси ҳеч қачон болаларни ўқитишдан манфаатдор бўлмасди. Буни кўриб, тенгдошларимнинг кўпи энг маъқул йўлни – Россияга шартта кетиб, тезроқ бойиб кетишни хоҳлар эди.

Қайсидир тилни ўргатишда ҳадеб моддий томонни эмас, маънавий тарафни ҳам кўрсатиш, уқтириш керак, назаримда. «Ўзбек тилини ўрганмасанг, сени ҳеч қаерга ишга олишмайди», – деб эмас, балки «Ўзбек тилини ўргансанг, сен Абдулла Қаҳҳорнинг қочиримларини англайсан, Эркин Воҳидовнинг ғазалларини ўқийсан, Ҳофиз Шерозийга юзлаб татаббу боғлаган, Абдураҳмон Жомийни ўзига пир билган Алишер Навоийни тушунасан. Навоийни ўқисанг, сен мўминлик мартабасига етишиш йўлларини излайсан», – деб бола қалбида тилга ҳурмат, меҳр уйғотадиган педагоглар керак туманимизга...

Риштондалигимда бир нарсага тушунолмасдим: у ердаги абитуриентлар ҳам уйида мол-ҳолга қарар, рўзғор ишиниям, ўқишиниям ўринлатар, бир кеча кундузда 2–3 соат «свет» келар, лекин ота-онаси, барибир, боласининг ўқиб, одам бўлишига шароит яратиб берарди. Ўшанда ҳовлисига ўрнатган 18 миллионли дарвозаси билан мақтанадиган ўртоғим ҳам мен билан ўқишга тайёрланишини жудаям истардим. Ҳозир ҳам университетда ягона сўхлик талабаман. Ҳар йили қабул комиссияси иш бошлаганида ўртоқларимга шу ерга ҳужжат топширишларини сўрайман. Афсуски, Тошкентнинг узоқ деб ҳисобланиши, кириш балларининг баландлиги ўзга тилли мактабда қониқарсиз ўқитиладиган ўзбек тили фанини ўзлаштиролмаган тенгдошларим учун бўй етмас дор.

Шоҳрўзни тингларканман, мен таниб-танимайдиган ёшлар билан бир мусаффо осмон остида яшаб, муаммоларимиз, дунёларимиз нақадар кескин фарқланиши, хаёл-ўйларимиздаги тафовут чуқур ўйилганини фаҳмладим.

– Ишонасизми, ўқувчилигимда компьютерни дастгоҳ деб тасаввур қилганман, – дейди у хаёлимни бўлиб. – Қиш пайти сўхлик ёшлар деярли мактабга бормайди. Ҳаво қаттиқ совигани, қор қалин ёғганидан ўқишлар тўхтайди, мактаб хоналарини иситишга юбориладиган кўмирлар Тошкент вилоятидан келгунча негадир тупроққа айланиб қолади. Шунисини ҳеч тушунолмасдим ўшанда. Энди-энди фаҳмлаяпман. Сўхда ишсиз, мақсадсиз юрган ёшлар кўп. Боласини ўқитишга рағбатлантирмайдиган ота-оналар унданам кўп. Шунисига ачинаман...

Фото: «Дарё» / Фаррух Жумабоев

Тонгдан шомгача давом этган сафаримни узоқ йиллар эслаб юрсам керак. Афсус, ҳаммасиниям қоғозга туширолмадим. Чегара постнинг очилиб, сўхликларнинг энг катта муаммоси ҳал этилган эса-да, ҳали олдинда тугундек боғланган масалалар талай экан. Бир давлат фуқаролари бўлсак-да, ривожланиш, дунёга чиқиш, ўқиш-ўрганишда фарқимиз-тафовутларимиз дарзи кенг. Зора вақти келиб, бугун кўрганларимни эртага кўрмасам, сўхликлар орзусидаги Сўхни кўрсам...

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Маҳаллий
Туркманистон Ўзбекистонга текинга газ етказиб беради 
Маҳаллий
Тошкентда кўприк устидаги “Газел” ёниб кетди (видео)
Бизнес
Россиядан Осиёга кўмир экспорти нархи ошгани маълум қилинди