Москвада 16 нусхадан иборат Lada автомобиллари коллекцияси сотувга қўйилди. Деярли йўл босмаган идеал ҳолатдаги моделларнинг ҳар бирини 1 миллион рубль (13 минг доллар) эвазига харид қилиш мумкин, деб хабар беради Motor.
Lada’нинг деярли барча модели сотувга қўйилган. Тақдим этилган нусхалар орасида «ВАЗ-2102», «ВАЗ-2103, «ВАЗ-2105», шунингдек, «2106», «2108» ва «2109» моделлари бор. Бундан ташқари, коллекциядан «ВАЗ-2108», «ВАЗ-2109», шунингдек, «Копейка», «Семёрка» ва кабриолет кузовидаги ноёб «Самара» мавжуд.
Сотувчининг сўзларига кўра, у ўз коллекциясини узоқ йиллар давомида йиғган. Унда тақдим этилган автомобилларнинг барчаси идеал ҳолатда, техник жиҳатдан соз. Lada’ларнинг барчаси деярли йўл босмаган. Машиналарнинг фақат айримларини одометрида минимал кўрсаткич қайд этилган. Шу сабабли 16 та машинанинг барчаси деярли янги ҳисобланади.
Сотувчи ўз коллекциясини 16 миллион рублга (210 минг доллар) баҳолаган. Автомобильларнинг ҳар бири потенциал харидорга, тахминан, миллион рублдан тушади. Идеал ҳолатдаги «ВАЗ» моделларининг бозордаги ўртача нархи 300—500 минг рубль эканлиги инобатга олинса, ушбу таклифни ҳақиқатда ақл бовар қилмас деб аташ мумкин.
Аввалроқ Москвада конвеердан энг биринчи чиққан «ВАЗ-2106»лардан бири топилгани, Қозонда 46 километр йўл босган 23 йиллик «Жигули» янги Vesta нархида сотувга қўйилгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)