Украина президенти Владимир Зеленский ва Россия президенти Владимир Путин “сулҳга эришишга ҳаракат қилиш” ва охир-оқибат Россиянинг Украинага қарши урушини тугатиш учун юзма-юз учрашув ўтказишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда АҚШ президенти Дональд Трамп Fox News телеканали эфирида Аляскада Путин билан ўтказган музокаралари натижаларини шарҳлаётиб маълум қилди.

“Энди ҳамма нарса президент Зеленскийга боғлиқ. Европа давлатлари ҳам бир оз аралашиши керак, деб айтган бўлардим. Лекин асосий қарор Зеленскийга боғлиқ... Агар улар истаса, мен кейинги учрашувда иштирок этаман. Менимча, яқин келажакда президент Зеленский, президент Путин ва мен ўртамизда учрашув ташкил этилади”, деди Трамп телеканал эфирида.
Оқ уй раҳбарининг қўшимча қилишича, унинг “Зеленскийга маслаҳати - Украинада одамлар ҳалок бўлишини тўхтатиш учун келишув тузиш”. Путин билан учрашувда “НАТО, хавфсизлик чоралари ва ҳудудлар алмашинуви” каби масалалар муҳокама қилингани айтилди. Бироқ Трамп батафсил маълумот бермади.
15 август куни АҚШ ва Россия президентлари Аляскадаги Элмендорф-Ричардсон ҳарбий-ҳаво кучлари базасида Украинадаги урушни тугатиш бўйича “учга уч” форматидаги музокаралар ўтказди. Бу Россия Федерациясининг Украинага кенг кўламли босқини бошланганидан бери АҚШ ва Россия раҳбарларининг илк учрашуви эди.
Путин музокараларни самарали, Қўшма Штатларни эса меҳрибон “қўшни” деб атаган. У яна “Украина инқирозининг асл сабаблари” ва “можарони тугатиш учун уларни бартараф этиш зарурлиги” ҳақида гапирди.
Ўз навбатида, Трамп томонлар “тўлиқ келишувга эриша олмагани ва ҳозирча битим йўқлигини” таъкидлади. Шу билан бирга, Оқ уй раҳбари учрашувни “жуда самарали” деб баҳолаб, Вашингтон ва Москва Украинадаги уруш бўйича кўплаб масалаларда келишиб олишга эришганини қайд этди. АҚШ президентининг сўзларига кўра, ҳозирда мамлакатлар орасида “тинч йўл билан келишувга эришиш учун яхши имконият” мавжуд. Трамп тез орада учрашув натижалари ҳақида Украина президенти Владимир Зеленский, шунингдек, НАТО бўйича ҳамкорларни телефон орқали хабардор қилиш ниятида эканлигини билдирди.
Изоҳ (0)