Ижтимоий тармоқларда Тошкентда оммавий жанжал бўлаётгани тўғрисида хабарлар тарқалиб, турли муҳокамаларга сабаб бўлди. Ушбу ҳолат юзасидан пойтахт ИИББ матбуот хизмати маълумот берди.
Маълум бўлишича, 14 август куни соат 22:35 атрофида Янгиҳаёт тумани “Янги Чоштепа” маҳалласида 2001 йилда туғилган Р.Б. ва 2006 йилда туғилган А.Ф., Т.А., М.А. спиртли ичимликни дўкондан харид қилиб, тўлов қилмасдан кетмоқчи бўлган. Дўкон эгаси эса уларни тўхтатиб, тўловни амалга оширишларини сўраган.

Ушбу шахслар жамоат жойида бўла туриб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан бақир-чақир қилиб, фуқаролар тинчлигини бузган. Воқеа жойига етиб келган ИИО ходимлари томонидан жамоат тартибини бузган фуқаролар ушланган ва яқин орадаги ИИБга олиб борилган. Жанжалда тан жароҳатлари олганлар йўқлиги таъкидланди.
Р.Б., А.Ф., Т.А. ва М.А.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддаси (майда безорилик) ва 194-моддаси (ИИО ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) бўйича баённомалар расмийлаштирилиб, судга юборилган.
Аввалроқ Тошкентдаги ЖАР стадионида санъаткорлар ва блогерлар ўртасида ўтказилган футбол турнирида жанжал чиқарганлар жазолангани тўғрисида хабар қилинганди.
Изоҳ (0)