Американинг Regeneron Pharmaceuticals компанияси COVID-19 симптомлари пайдо бўлиш хавфини кескин камайтирадиган препаратнинг учинчи босқич клиник синовларини муваффақиятли якунлади. Бу ҳақда Meduza хабар берди.

Фото: Reuters

Компаниянинг матбуот баёнотида таъкидланишича, Regeneron Pharmaceuticals томонидан эълон қилинган синов натижалари ҳали экспертлар томонидан тақриз қилинадиган илмий журналда чоп этилмаган.

REGEN-COV деб номланган тери остига юбориладиган препарат икки турдаги моноклонал антитаналардан (махсус ҳужайралардан сунъий равишда олинган антитаналар) иборат. Бу препарат коронавирус билан касалланган бир хонада яшовчи одамларда COVID-19 симптомларининг ривожланиш хавфини плацебо препаратига нисбатан 81 фоизга камайтирган.

Компания синовларни АҚШ Аллергия ва юқумли касалликлар миллий институти билан ҳамкорликда ўтказди. Тадқиқотда тахминан 1500 киши иштирок этди. Regeneron Pharmaceuticals компанияси АҚШ озиқ-овқат ва фармацевтика бўлимига (FDA) ушбу дорини SARS-CoV-2’га чалинган одамлар билан алоқада бўлган эмланмаган кишиларда профилактика чораси сифатида қўллашни тасдиқлатиш учун ариза ёзмоқчилигини маълум қилди.

2020 йил ноябрь ойида FDA касалхоналарда COVID-19’нинг енгил ва ўртача даражасини бошдан кечираётган катта ёшли беморларни даволаш учун ушбу доридан фойдаланишни фавқулодда тасдиқлаган эди.

Regeneron фармацевтик препарати 2020 йил октябрида АҚШнинг ўша пайтдаги президенти Дональд Трампдаги коронавирусни даволашда қўлланилгандан сўнг машҳурликка эришган. Трамп уч кун давомида Уолтер Рид ҳарбий касалхонасида ушбу дори билан даволанган ва тезда тузалиб кетган эди.