Мьянмада содир бўлган ҳарбий тўнтариш ва янги ҳукуматга қарши норозилик намойишлари фонида сўнгги икки ой ичида камида 43 нафар бола ҳарбийлар томонидан ўлдирилди. Бу ҳақда «Болаларни қутқарамиз» халқаро ташкилоти маълумотига асосланиб, Meduza хабар берди.

Фото: Reuters

Хабарга кўра, ўлдирилганларнинг 15 нафарини 16 ёшгача бўлган болалар ташкил қилади. Хусусан, 14 ёшли бир бола ўз уйи ёнида ўққа тутилган, 13 ёшли бола эса ҳарбий хизматчидан қочишга уринган пайтда ўлдирилган. Қурбонларнинг энг кичиги олти яшар қизча бўлган.

Мьянмадаги тўнтаришдан кейин яраланган болалар сони номаълум. Аммо улар «анчагина» бўлса керак, дейилади «Болаларни қутқарамиз» ташкилотида. Ташкилот маълумотларига кўра, ярадорлар орасида кўзига резина ўқ узилган бир яшар бола ҳам бор.

«Болаларни ҳимоя қилиш бўйича бир нечта даъватларга қарамай, болалар ушбу қонли ҳужумларнинг қурбонлари бўлиб қолаётганидан қаттиқ қайғудамиз. Энг даҳшатлиси, бу болаларнинг бир нечтаси ўз уйида — аслида улар хавфсиз бўлиши керак бўлган жойда ўлдирилган», — дейди ташкилот.

«Мьянмадаги сиёсий маҳбусларга ёрдам уюшмаси»нинг сўнгги маълумотларига кўра, давлат тўнтаришидан кейин мамлакатда 543 киши ўлдирилган. Норозилик намойишлари чоғида бир кунда 100 дан ортиқ одам ўлдирилган.

Эслатиб ўтамиз, 1 февраль куни Мьянма ҳарбийлари давлат тўнтаришини амалга оширган, ҳукуматнинг амалдаги раҳбарлари ҳибсга олинган эди. Ҳарбийлар Мьянма давлат маслаҳатчиси Аун Сан Су Чжини 11 килограмм олтин ва 600 минг доллар пулни пора сифатида олганликда айбламоқда. Давлат тўнтаришидан кейин мамлакатнинг йирик шаҳарларида норозилик намойишлари бошланган.

Мьянма аҳолиси 6 февраль куни Янгон кўчаларига чиқиб, ҳарбийлар томонидан ҳокимият эгаллаб олинишига қарши чиққан. Одамлар ҳарбийларга қарши эканини билдирмоқда, шунингдек, улар ҳибсга олинган юқори мартабали амалдорларни, жумладан, давлат маслаҳатчиси Аун Сан Су Чжи ва президент Вин Мйинни озод этишни талаб қилмоқда.

Март ойининг бошида ҳам Мьянмадаги полиция ҳамда кўчаларда намойиш ўтказаётган фуқаролар ўртасидаги тўқнашувларда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг ўқотар қуролдан фойдаланиши оқибатида 38 кишининг ҳалок бўлгани маълум қилинган.

Март ойининг охирида Мьянмада ҳукуматни бошқараётган ҳарбийлар мамлакатда сайловлар қайтадан ўтказилганидан кейин бошқарувни янги сайланган вакилларга топширишни ваъда қилди.