Буюк Британияда швециялик экофаол Грета Тунбергнинг ҳайкали ўрнатилди. Бу ҳақда Daily Mail нашри хабар берди.

Фото: Twitter

18 ёшли Тунбергнинг бронза ҳайкали Англиянинг жануби-шарқида жойлашган Винчестер университети ҳудудига ўрнатилди.

Ҳайкални ўрнатиш учун таълим муассасаси 24 минг фунт стерлинг (тахминан, 33 минг доллар) сарфлади.

Нашрнинг ёзишича, университет маъмуриятининг бундай қароридан талабаларнинг барчаси ҳам хурсанд эмас. Талабалар кенгаши раиси Меган Боллнинг сўзларига кўра, бу маблағларни коронавирус пандемияси сабабли онлайн ўқишга мажбур бўлган талабаларни қўллаб-қувватлашга сарфлаш мақбулроқ бўларди.

https://twitter.com/zsk/status/1376925165183975426

«Биз университет раҳбариятини талабаларга қўшимча ёрдам кўрсатиш учун ҳайкалга сарфланган маблағга тенг миқдорда ёрдам ажратишга чақирамиз», — деди у.

Шу ўринда, университет маъмурияти ҳайкал ўрнатиш учун талабалар ва таълим муассасаси ходимларини қўллаб-қувватлаш жамғармасидан маблағ сарфланмаганини таъкидлади.

Аввалроқ иқлим ўзгаришини оғир ўтказадиган шиллиқуртнинг янги турига Грета Тунберг номи берилган эди.

Шунингдек, Санкт-Петербургнинг Петроград округидан ўтувчи Карповка дарёси бўйида ҳам COVID-19 пандемияси даврида вафот этган тиббиёт ходимларининг хотирасига бағишланган ёдгорлик очилди. Бу ерга «Ғамгин фаришта» деб номланган бронза ҳайкал ўрнатилган. Асар муаллифи Санкт-Петербург фуқароси, рассом Роман Шустров бўлиб, у 2020 йил 14 майда коронавирус оқибатида вафот этган.

Лондон марказидаги Лестер-сквер майдонида эса британиялик ёзувчи Жоанна Роулинг қаламига мансуб асар қаҳрамони Гарри Поттернинг ҳайкали ўрнатилди. Маълум қилинишича, мазкур скульптура сўнгги юз йилликдаги энг машҳур фильмларни қайд қилиш мақсадида ташкил қилинган «Майдондаги манзаралар» лойиҳаси доирасида ўрнатилган. Лойиҳа 2023 йилга қадар давом этади.