Xiaomi бош директори Лей Цзюнюга яқин манбалардан бири компания ўз автомобилини яратиш устида иш бошлагани тўғрисида маълумот берди, деб ёзади Hi-Tech.Mail.ru. Технологик компанияларга хос равишда, бу электромобил бўлади.

Фото: LeEco

Xiaomi автомобилини яратишга компания вице-президенти Ван Чуан масъул. У брендга асос солинган вақтдан буён фаолият юритиб келади, масалан, у ҳозирда компаниянинг асосий йўналишларидан бири бўлган телевизорлар ишлаб чиқариш бўлинмасини ишга туширган.

Xiaomi’нинг автомобиль ишлаб чиқариш борасидаги режаси бир неча йилга чўзилиши мумкин, шу сабабли компанияда лойиҳани нолдан бошламаслик эҳтимоли мавжуд. Xiaomi бирор шерик топиб, бошқа модель базасида машина яратиши мумкин.

Ҳозирда Huawei худди шу каби йўлдан кетмоқда — компания автомобиллар учун борт тизими ва ўз қурилмаларининг экотизимини кенгайтириш учун «ақлли» экранлар яратмоқда. Компаниянинг ўзи бирор автомобиль ишлаб чиқармайди.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг апрелида Xiaomi корпорацияси ўз автомобилини яратгани тўғрисида хабар берилганди. Бироқ шунча кутилганига қарамай, бу тўлақонли машина эмас, балки Suzuki Jimny моделининг 1:16 масштабда кичрайтирилган ўйинчоқ модели бўлиб чиққанди.