Президент Шавкат Мирзиёев 18—19 март кунлари Тошкент вилоятига қилган ташрифи чоғида Чирчиқ шаҳридаги «Ифтихор» маҳалласида яшовчи Азиза Алиқулованинг 7 ёшли ўғли Ҳусанжон Адҳамов ва қизи Фотима Адҳамова билан суҳбатлашиб, биргаликда эсдалик учун суратга тушган эди. ЎзАнинг ёзишича, Наврўз байрами муносабати билан Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятов ушбу оила хонадонида меҳмон бўлган.

Фото: ЎзА

Вилоят ҳокими Президент номидан оилага мебель, Ҳусанжонга эса Президент Шавкат Мирзиёев дастхати туширилган биргаликдаги фотопортретини тақдим этган. Шунингдек, болаларга компьютер жамланмаси ва спорт анжомлари ҳам совға қилинган.

Фото: ЎзА

«Бундан ташқари, ‘Ифтихор’ маҳалласида яшовчи ёшларга ҳам қимматбаҳо совғалар тақдим этилди», — дейилади хабарда.

Фото: ЎзА

Эслатиб ўтамиз, 18 март куни Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳридаги қурилиш ишлари билан танишган, «Ифтихор» маҳалласи аҳолиси билан суҳбатлашган, суҳбат давомида Чирчиқ шаҳрида «электричка» йўлга қўйилишини маълум қилган эди.

Шунингдек, давлат раҳбари шаҳардаги хонадонларнинг бирида яшовчи Анифе Бектошова оиласида ҳам бўлган, оиланинг оёғини лат едириб олган фарзанди билан суҳбатлашиб, уни даволатиш бўйича топшириқ ҳам берганди.