Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов 16 март куни Ахал вилоятининг янги пойтахти қурилишини кўздан кечирар экан, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш даражасини ошириш мавзусига тўхталиб ўтди. Бу ҳақда «Хроника Туркменистана» хабар берди.
Туркманистон Давлат ахборот агентлигининг хабар беришича, давлат раҳбари тез тиббий ёрдам хизматлари замонавий талабларга жавоб бериши, кирувчи қўнғироқлар ва уларнинг бажарилиши рақамли шаклда бошқарилиши кераклигини айтган.
Президент жаҳон амалиётида қўлланиладиган 112 ёки 911 рақамларини (ягона рақам ёрдамида фавқулодда вазиятлар хизматларига қўнғироқларни тақдим этиш тизими) синовдан ўтказишни таклиф қилди. Хусусан, 112 рақамига қўнғироқ қилинганда, тегишли хизмат ёрдамга муҳтож шахснинг жойлашган жойини аниқлай олади ҳамда тиббиёт муассасаси касалхонага ётқизилганидан сўнг беморнинг тиббий картасига кириш ҳуқуқини қўлга киритиши мумкин.
«Бу тиббий хизматнинг самарадорлиги, кирувчи қўнғироқнинг муҳимлик ва мураккаблик даражасини аниқлашдаги афзалликларни кўрсатиб беради», — деди давлат раҳбари.
Аввалроқ Туркманистон парламенти «Хизмат кўрсатган итбоқар» ва «Халқ итбоқари» фахрий унвонларини таъсис этиш тўғрисидаги қонун лойиҳаларини қабул қилгани ҳақида хабар берилганди.
Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ушбу фахрий унвонлар совриндорлари учун кўкрак нишонларининг эскизларини шахсан тасдиқлаган.
Эслатиб ўтамиз, Бердимуҳамедов Туркманистон пойтахтининг юбилейи куни туғилган биринчи чақалоққа Ашхобод деб исм қўйишни буюрган. Шунингдек, у театрларда «халқнинг бахтли ҳаёти» тўғрисидаги спектакллар йўқлиги сабаб маданият вазирига ҳайфсан берган.
Шу билан бирга, Туркманистон президенти иккинчи сунъий йўлдошни учиришни ва юк самолётларини сотиб олишни буюргани, саноат сектори ишини танқид қилиб, «Туркманхимия» раҳбарига қаттиқ танбеҳ бергани ҳамда олимларга картошка ҳосилдорлигини оширишни буюргани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)