Кремль АҚШ президенти Жо Байденнинг Владимир Путин ҳақидаги баёнотларини «жуда ёмон» деб ҳисоблайди. Бу ҳақда Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков журналистларга берган интервьюсида айтиб ўтди, деб ёзади Meduza.
«Мен бунга муносабат билдириш учун кўп гапириб ўтирмайман. Фақат шуни айтмоқчиманки, бу АҚШ президентининг жуда ёмон баёноти бўлди. У шубҳасиз, мамлакатимиз билан муносабатларни яхшилашни истамайди. Буёғига биз ҳам шундан келиб чиқиб иш кўрамиз», — деди Песков.
Песков Владимир Путин АҚШ президентининг баёнотига шахсан жавоб беришни режалаштиряптими ёки йўқлиги, ҳақида бир нарса деёлмаслигини айтди. Журналистларнинг Кремль шунга ўхшаш ҳолатни эслайдими ёки йўқми, деган саволига Песков қуйидагича жавоб берди: «Бунақаси тарихда бўлмаган». Бу мамлакатлар ўртасидаги муносабатларга қандай таъсир қилиши мумкинлиги ҳақидаги саволга у «Қандайлиги кундек равшан» деб жавоб берди, аммо сўзларининг маъносини очиб бермади.
Кремль вакили ҳозирги Россия—Америка муносабатларини «жуда ёмон» деб таърифлади, аммо Россиянинг муносабатларни бузишга тайёр ёки йўқлигини очиқламади.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ президенти Жо Байден ABC телеканалига берган интервьюсида журналистнинг «Россия президенти Владимир Путинни қотил деб ҳисоблайсизми?» — деган саволига тасдиқ жавобини берган. «Ммм, ҳмм, ҳа», — дея жавоб қилди Байден ундан интервью олаётган Жорж Стефанополуснинг саволига.
Шунингдек, АҚШ президенти Путин Америкадаги сайловларга аралашгани учун «жавоб бериши»га ишонч билдирди.
Байденнинг сўзларига кўра, январь бошида у Путин билан телефон орқали мулоқот қилган, шунда у Россия президентига: «Мен сизни биламан, сиз мени биласиз. Агар шу нарса (Россия аралашуви) рост бўлиб чиқса, унда (оқибатларга) тайёр туринг», — деган.
Байденнинг Путин ҳақидаги гапларидан кейин Москва биржасида Россия рублининг курси пасайиб кетди.
Россиянинг АҚШдаги элчиси Анатолий Антонов маслаҳатлашув учун Москвага чақирилди. У 20 март куни учиб келиши кутилмоқда. Маслаҳатлашувлар «АҚШ билан муносабатлар борасида қандай иш тутиш ва қайси томонга ҳаракатланиш»ни тушуниб олиш мақсадида ўтказилади, дея ТИВда маълум қилинган.
Шунингдек, АҚШ Миллий разведкаси 16 март куни ҳисобот эълон қилди, унга кўра, АҚШда 2020 йилги президент сайловлари чоғида Россия ҳукумати Демократик партия номзоди Жо Байденни «бадном қилиш» кампаниясини уюштирган.
Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мария Захарова ва Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Россия ҳукуматининг АҚШдаги сайловларга аралашуви ҳақидаги айбловларни бутунлай рад этди. Песковнинг фикрича, ҳисоботни эълон қилиш орқали Россияга қарши навбатдаги, янги санкциялар масаласини кун тартибига киритиш учун баҳонага эга бўлмоқчи бўлишган.
Изоҳ (0)