Хорватияда AstraZeneca вакцинаси билан эмлангандан кейин 91 ёшли аёл вафот этди. Бу ҳақда маҳаллий Дори воситалари ва тиббиёт маҳсулотлари агентлигига таяниб, «Korrespondent.net» хабар берди.
Таъкидланишича, бемор ўпка эмболияси туфайли вафот этган. Аввалроқ у AstraZeneca вакцинаси билан эмланган эди.
«Ҳозирда вакцинация ва ўлим ўртасидаги боғлиқликни аниқлашнинг иложи бўлмаяпти, шунинг учун уни аниқлаш учун қўшимча ҳужжатлар талаб қилинмоқда», — дейилади хабарда.
Маълумот учун, олдинроқ AstraZeneca компанияси вакцинасининг ножўя таъсири рўйхати кенгайтирилган эди. Хусусан, рўйхат анафилактик реакция ва аллергик сезгирликни ўз ичига олади.
Дания, Норвегия, Таиланд ва Болгария ҳукумати ҳам вакцинациядан кейин бир нечта беморларда тромблар пайдо бўлгани сабабли AstraZeneca билан COVID-19’га қарши эмлаш кампаниясини тўхтатиб қўйган эди.
Лекин Европа дори-дармон воситалари агентлиги AstraZeneca билан эмлаш қон қуюлиши хавфини оширмайди ва эмлашни давом эттириш мумкинлигини қайд этди.
Аввалроқ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) AstraZeneca компаниясининг коронавирусга қарши вакцинасидан фойдаланишни тўхтатишга сабаб йўқ, деб ҳисоблашини маълум қилган эди.
Изоҳ (0)