Даниянинг Lego A/S ўйинчоқ ишлаб чиқарувчи компанияси 2020 йил натижаларига кўра, пандемия шароитида турли ёшдаги харидорлар орасида компания маҳсулотларига талаб юқори бўлганлиги сабабли рекорд даражада даромад топди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар берди.
Компаниянинг пресс-релизида хабар берилишича, компаниянинг соф фойдаси 19 фоизга, яъни 9,92 миллиард Дания кронига (тахминан, 1,6 миллиард доллар) кўтарилган. 2019 йилда бу кўрсаткич 8,31 миллиард кронни ташкил қилган эди. Операцион фойда ҳам 10,84 миллиард крондан 12,91 миллиард кронга кўтарилиб, 19 фоизни ташкил қилган.
Йиллик фойда 38,544 миллиард крондан 43,656 миллиард кронга ошиб, 13 фоизни ташкил қилган. Bloomberg нашрининг ёзишича, бу компаниянинг бир йил давомида эришган энг юқори кўрсаткичи ҳисобланади.
Lego компанияси бош директори Нильс Кристиансен бошчилигида пластик конструкторларни рақамли технологиялар билан боғлайдиган онлайн платформалар ва маҳсулотларни ишлаб чиқаришга катта маблағ сарфланмоқда. Шунингдек, компания жаҳон бозоридаги иштирокини кенгайтиряпти.
2020 йилда 134 та мамлакатда компаниянинг расмий дўконлари очилди, шулардан 91 таси Хитойда фаолият юритмоқда. 2021 йилда яна 120 та дўкон очиш режалаштирилган, уларнинг 80 таси Хитойда очилади.
«Сўнгги икки йил ичида биз узоқ муддатли ўсишни қўллаб-қувватлашга қаратилган ташаббусларга катта сармоя киритдик. 2020 йилда биз электрон тижорат ва маҳсулот инновациясида бунинг фойдасини кўришни бошладик», — деди Кристиансен.
Унинг Financial Times газетасига хабар беришича, Lego компания ва унинг маҳсулотларини рақамлаштиришни давом эттириш учун рақамли лойиҳаларга юзлаб янги ходимларни ёллайди. 2020 йил якунларига кўра, компанияда 20 468 нафар ходим ишлайди. Бу кўрсаткич 2019 йилда 18 800 кишини ташкил қилган.
Аввалроқ Илон Маскнинг бойлиги бир кун ичида рекорд даражада — 25 млрд долларга кўпайгани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)