Мьянмадаги давлат тўнтаришига қарши норозилик намойиши иштирокчиларини тарқатиш давомида камида 18 киши ўлди ва 30 дан ошиқ одам яраланди. Бу ҳақда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссияси расмий вакили Равина Шамдасанига таяниб, «РБК» маълум қилди.

Фото: Getty Images

Хабарга кўра, Янгон, Тавой, Мандалай, Мей, Баго ва Пакхоуку шаҳарларида оломонга қарата отилган ўқлар кишиларнинг ҳалок бўлишига сабаб бўлган. Бундан ташқари, намойишчиларга қарши кўзни ёшлатувчи газ, чақновчи ва шовқинли гранаталардан фойдаланилган. Шу муносабат билан, намойишчилар агар улар жароҳат олган тақдирда, ёрдам кўрсатилиши учун билакларига қон гуруҳи ва яқин қариндошларининг телефон рақамини ёзиб олган.

Шамдасанинг таъкидлашича, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси Мьянмадаги зўравонлик авж олишини қатъиян қоралайди ва ҳарбийларни тинч намойишчиларга қарши куч ишлатишни дарҳол тўхтатишга чақиради. Шу билан бирга, ташкилотнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий Комиссияси «ноқонуний ҳибсга олинганларнинг барчаси, шу жумладан, демократик йўл билан сайланган ҳукумат аъзолари» нинг озод қилинишини талаб қилган.

Маълумот учун, 1 февраль куни Мьянма ҳарбийлари мамлакатда ҳокимиятни қўлга киритганини эълон қилди, улар мамлакат президенти ва бошқа юқори мартабали амалдорларни 2020 йил 8 ноябрда бўлиб ўтган «сайловдаги фирибгарликлар»ни текширмаганликда айблаб, ҳибсга олди. Қуролли Кучлар бош қўмондони Мин Аунг Хлайн мамлакатнинг муваққат президенти этиб тайинланди ва мамлакатда бир йил муддатга фавқулодда ҳолат жорий этилди.

Мьянма аҳолиси 6 февраль куни Янгон кўчаларига чиқиб, ҳарбийлар томонидан ҳокимият эгаллаб олинишига қарши чиқди. Мамлакатда оммавий норозилик ва иш ташлашлар бошлангач Транспорт ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги 14 февраль куни уяли алоқа операторларига интернетга киришни тақиқлашни буюрди. Натижада 15 февраль куни эрталаб саккиз соат давомида тармоққа кириш имконсизлигича қолди. Аммо кейинчалик интернет алоқаси тикланди.