Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) АҚШ сиёсий тизимига аралашишда айбланаётган Россия фуқароси Константин Килимникни ҳибсга олишга ёрдам берадиган маълумот учун 250 минг доллар мукофот пули таклиф қилмоқда. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар берди.

Фото: Getty Images

«ФҚБ Килимникни ҳибсга олишга ёрдам берадиган маълумот учун 250 минг долларгача мукофот таклиф қилмоқда», — дейилади бюронинг Вашингтондаги офиси қолдирган твитда.

Қайд этилишича, 2018 йил июнь ойида Қўшма Штатларда одил судловга тўсқинлик қилиш ва адолатни бузишга қаратилган фитнада айбланаётган Килимникни ҳибсга олиш тўғрисида федерал буйруқ чиқарилган.

2018 йилги айблов хулосасига кўра, Килимник атайин бир кишини ўз тарафига оғдиришга ва уни расмий суд жараёнида гувоҳлик беришдан тўхтатишга уринган.

«Килимник фаолияти мобайнида Украина ҳамда Россия сиёсатчилари ва ишбилармонлари ўртасида алоқачилик қилган. Бундан ташқари, Константин Викторович Килимник 2018 йилнинг февраль ва апрель ойларида суд ишига тўсқинлик қилгани ҳамда адолатни бузишга қаратилган фитнада қатнашгани учун ФҚБ томонидан қидирилмоқда», — дейилади ФҚБ хабарида.

Килимник — 2016 йилги президентлик сайловларига Россиянинг аралашуви бўйича даъво юзасидан бюро қидираётган бир нечта одамлардан бири. У собиқ президент Дональд Трампнинг сайловолди кампаниясининг собиқ раҳбари Пол Манафортнинг бизнес ҳамкори бўлган.

ФҚБ Килимник Россия разведкаси билан алоқада бўлган деб ҳисоблайди ва «Қўшма Штатларда, эҳтимол, Украина ҳукумати кўрсатмасига биноан, миллионлаб долларлик таъсир ўтказиш кампаниясини амалга оширган ва шу билан бирга, ушбу маълумотларни ошкор қилишда қонунда назарда тутилган ҳужжатларни тақдим этмаган», — деб даъво қилмоқда.

Америка сайловларидаги «Россиянинг изи»ни текшираётган махсус прокурор Роберт Мюллер Килимникни Россия махсус хизматлари билан алоқадорликда айблаган, аммо россияликнинг ўзи бу айбловларни рад этган.

«Россия разведка идоралари билан ҳеч қандай алоқам бўлмаган», — деб ёзган у The Wall Street Journal’га юборган хатида.

Климник ундан «сохта асослар устига қурилган ҳикоянинг етишмаётган қисмларини тўлдирувчи» сифатида фойдаланишаётганини қўшимча қилган.

Манафорт Трампнинг сайловолди кампаниясини 2016 йил баҳорининг охиридан ёзининг охиригача бошқарган. Мюллер прокуратураси Килимникни Манафорт билан шахсий муносабатларидан фойдаланиб, қандайдир тарзда АҚШдаги сайлов кампанияси жараёни ва Трамп штаб-квартираси фаолияти тўғрисидаги маълумотларни қўлга киритиб, уларни Россияга юборган бўлиши мумкин, деб гумон қилмоқда.

Аввалроқ Microsoft раҳбари 2020 йил декабрда АҚШга уюштирилган киберҳужумга Россиянинг алоқадорлиги бўйича далиллар борлигини маълум қилган эди. FireEye киберхавфсизлик компанияси раҳбари Кевин Мандиа эса ҳужумда хакерлар қўллаган воситалар Россия фойдаланадиган қурилмаларга ўхшашлигини таъкидлаган.