НАТО Ироқдаги қўшинлари сонини 500 кишидан 4 000 кишига етказишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда ташкилот бош котиби Йенс Столтенберг маълум қилди, деб хабар беради «РБК».

Фото: «РИА Новости»

«Бизнинг миссиямиз ҳажми 500 кишидан тахминан 4 000 кишига кўпаяди. Таркибни кенгайтириш босқичма-босқич амалга оширилади. Ўқув машғулотлари Ироқнинг янада кўпроқ хавфсизлик муассасалари ва Бағдоддан ташқаридаги ҳудудларни қамраб олади», — деди Столтенберг.

Ташкилот бош котибининг сўзларига кўра, таркибнинг кенгайишига Ироқ армиясини терроризмга қарши курашда қўллаб-қувватлаш ва ИШИДнинг қайтишига йўл қўймаслик истаги сабаб бўлган.

2020 йил январь ойининг биринчи ярмида АҚШнинг Боғдод ҳудудига уюштирган авиазарбаси натижасида, Эрон генерали Қосим Сулаймоний ўлдирилганидан сўнг НАТО ўз таркибининг бир қисмини Ироқдан олиб чиқиб кетганди. Бунгача Ироқда хорижий давлатлар қўшинларини мамлакат ҳудудидан чиқариб юборишга тайёргарлик бошланган. Бироқ 2020 йил февралида НАТО мудофаа вазирлари Ироқдаги «халқаро терроризмга қарши кураш» миссиясини кучайтиришга қарор қилган.

2021 йилнинг 10 февралидан Туркия қуролли кучлари Ироқ шимолида янги ҳарбий операция бошлаган эди. Қайд этилишича, террорчиликка қарши мазкур операция Ироқ шимолидаги Гара вилояти ҳудудида ўтказилади. Ҳарбий ҳаракатлар мазкур ҳудуддаги Курдистон ишчи партиясининг гуруҳларига қарши олиб борилади.

Аввал Ироқда ИШИД раҳнамоларидан бири йўқ қилингани ҳақида хабар берилганди. Бир неча ой давомида тайёргарлик кўрилган антитеррор операцияси 27 январда Киркук шаҳрида амалга оширилган. Унда ИШИДнинг 10 нафар террорчиси ўлдирилганди.

ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.