Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Марказий Осиё давлатлари бўйлаб бошлаган сафари доирасида Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан учрашди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йил 17 февраль куни Ашхобод шаҳрига амалий ташриф билан келган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов томонидан қабул қилинди.

Вазир Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовга мактубини топширди.

Учрашув чоғида олий даражадаги ташрифлар доирасида эришилган келишувларнинг ижроси юзасидан фикр алмашилди.

Қайд этилишича, икки мамлакат етакчиларининг сиёсий иродаси натижасида давлатлараро муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициялар, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги икки томонлама алоқалар салмоқли даражада фаоллашди. Халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида ҳам ҳамкорлик амалга оширилмоқда.

Мулоқотда Марказий Осиёда кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, янги минтақавий бозорларга чиқиш учун инфратузилмавий ва транспорт-коммуникация лойиҳаларини амалга ошириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.

Музокаралар чоғида томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Бундан аввал Абдулазиз Комилов Исландия элчиси билан учрашгани, Мисрнинг янги элчисини қабул қилгани ҳамда Москвада бир қатор хорижий мамлакатлар элчиларининг ишонч ёрлиқларини қабул қилгани ҳақида хабар берилганди.