Ўзбекистон аҳолисини коронавирусга қарши эмлаш 2021 йилнинг март ойи биринчи ярмида бошланади. Бу ҳақда Коронавирусга қарши кураш штаб маълумотига таяниб, Санитария-эпидемиология хизмати матбуот хизмати маълум қилди.

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати

Қайд этилишича, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги даволаш профилактика муассасалари қошида 3138 та эмлаш хоналари ва 820 та мобил бригадалар ташкил этилган, улар барча эмлаш ишларини жадвал бўйича ва босқичма-босқич амалга оширади.

«Республика бўйича хавф гуруҳига кирувчи аҳолини эмлаш ишлари якунланиши ва республикага вакцина келишига биноан қолган аҳоли ҳам эмланади», — дейилади хабарда.

Билдирилишича, айни пайтда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан GAVI ташкилотининг COVAX жамғармасига, COVID-19 инфекциясига қарши вакцина ишлаб чиқарувчи 12 та етакчи корхоналар билан ушбу вакциналарни харид қилиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

Жорий йилнинг июль ойига Хитойнинг Anhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co.Ltd. компанияси томонидан ишлаб чиқилган ва республикада ўтказилаётган клиник синовлари муваффақиятли ўтгандан сўнг коронавирусга қарши вакцинасини сотиб олиниши ҳам режалаштирилаётгани таъкидланган.

Бундан аввал Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбарининг ўринбосари Ботир Қурбонов Ўзбекистон аҳолисини коронавирусга қарши эмлаш февраль ойининг охири, март ойининг бошида бошланишини айтганди. Нурмат Отабеков Ўзбекистонда дастлабки босқичда 50 мингга яқин киши COVID-19’га қарши эмланишини маълум қилган. Молия вазири Тимур Ишметов 2021 йилда Ўзбекистон коронавирусга қарши курашиш тадбирлари ва вакцина сотиб олиш харажатлари учун 3 триллион сўм ажратишини билдирган.

Президент Шавкат Мирзиёев давлат дастури бўйича йиғилишда аҳолини коронавирусга қарши эмлаш ишларини бошлаш зарурлигини таъкидлаганди.

Ўзбекистонда айни вақтда Хитойнинг Anhui Zhifei Loncom Biofarmaceutical компанияси томонидан яратилган ZF 2001 рекомбинант вакцинасининг синовлари давом этмоқда. Ушбу вакцина синовида иштирок этадиганлар сони қарийб икки баравар оширилди.

Шунингдек, Россиянинг «Спутник V» вакцинасини Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш режаси ҳам мавжуд. Россия Ўзбекистон «Спутник V» вакцинасини ишлаб чиқаришни йўлга қўядиган компанияни танлашини кутмоқда.