Навоийда 15 бош қўй гўштини ветеринария-санитария қоидалари талабларига зид равишда Тошкентга сотиш учун олиб кетаётган Cobalt ҳайдовчиси жаримага тортилди. Бу ҳақда ИИВ ППХ ва ЖТСББ ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 13 февраль куни Навоий вилояти Кармана туманида жойлашган «Самарқанд» ЙПХ масканида Бухоро—Тошкент йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб келаётган Cobalt автомобили тўхтатилган. 38 ёшли Р.П. бошқарувидаги енгил автомобиль Навоий вилояти ИИБ ППХ ва ЖТСБ Карантин тадбирларини таъминлаш бўлинмаси ходимлари томонидан текширилганда унинг салони ва юкхонасида 15 бош қўй гўшти аниқланган. Ҳайдовчи ушбу гўштларни ветеринария-санитария қоидалари талабларига зид равишда Тошкент шаҳрига сотиш мақсадида олиб кетаётган бўлган.
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси ходими томонидан фуқаро Р.П.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 109-моддасига асосан (ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларини бузиш) маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Маълумот учун, гўшт ва гўшт маҳсулотларини ташиш учун мўлжалланган транспортнинг поли ва идишлари силлиқ, тозалаш ва дезинфекция қилиш учун қулай бўлиши, маҳсулот сифати ва истеъмолчилар саломатлигига таъсир кўрсатмайдиган материаллардан ясалган бўлиши керак. Барча тоифадаги ҳайвонлар сўйилганидан сўнг уларнинг гўшти ва бошқа маҳсулотларини ветеринар экспертизадан ўтказилиши шарт.
Аввалроқ Сирдарёда истеъмолга яроқсиз деб топилган 210 килограмм гўшт маҳсулотлари йўқ қилингани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)