Johnson & Johnson компанияси коронавирусга қарши ўзининг бир компонентли вакцинасидан Қўшма Штатларда фавқулодда вазиятларда фойдаланиш учун рухсат сўраб мурожаат қилди. Бу ҳақда компания веб-сайти маълумотларига таяниб «РБК» хабар берди.

Фото: Reuters

Мурожаатнома АҚШ Озиқ-овқат ва фармацевтика бошқармаси (FDA) томонидан кўриб чиқилади. Компания вакцинанинг барча хавфсизлик талабларига жавоб беришини намойиш қилган. Препаратни қўллаш учун рухсат олингандан сўнггина дозалар етказиб беришга тайёр бўлади, дейилади Johnson & Johnson хабарида.

Вакцинанинг Қўшма Штатлар ва бошқа еттита мамлакатда ўтказилган 3-босқич синовлари шуни кўрсатдики, унинг самарадорлиги 66—72 фоизга тенг. Синовларда жами 43,7 минг киши қатнашди, вирусдан ҳимоя вакцинациядан икки ҳафта ўтгач пайдо бўлди.

Johnson & Johnson вакцинасини 20 даража совуқда икки йил, 2—8 даража иссиқда камида уч ой сақлаш мумкин.

Johnson & Johnson Қўшма Штатларда фойдаланиш учун тасдиқланадиган учинчи вакцина бўлиши мумкин. Мамлакатда ҳозирда Pfizer ва Moderna компаниясининг вакциналари қўлланилмоқда, оммавий вакцинация 2020 йилнинг декабрь ойи охирида бошланган.

Коронавирусга қарши вакцинанинг ҳеч бўлмаганда биттасини олган америкаликларнинг сони пандемия бошидан бери мамлакатда COVID-19 билан касалланганлар сонидан ошиб кетди, дея хабар берган Bloomberg 2 февраль куни ўзининг статистик маълумотларига асосланиб.

2020 йилнинг май ойида Johnson & Johnson компанияси бош директори Пол Стоффелс компания коронавирусга қарши 1 миллиард доза вакцина ишлаб чиқаришни режалаштираётганини айтганди. Кейинчалик компания 2021 йил июнь ойига қадар АҚШга 100 миллион дозада вакцина етказиб беришни режалаштираётганини маълум қилган.

Аввалроқ бутун дунё бўйлаб коронавирусга қарши эмланганлар сони биринчи марта ушбу вирусга чалинганлар сонидан ошгани ҳақида хабар қилинганди. Эмланганлар сони энг кўп АҚШда — 33,7 миллион киши. Иккинчи ўринда Буюк Британия бўлиб, у ерда жами 10,2 миллион киши эмланган (денгиз ортидаги ҳудудлар, Норманд ороллари ва Мэн оролларини ҳам ҳисобга олганда). Учинчи ўринни Исроил эгалламоқда — 5,05 миллион киши.

Эслатиб ўтамиз, дунёда коронавируснинг февраль ойидаги тарқалиш суръати 2021 йилнинг январь ойига солиштирганда икки баробарга пасайган.