Норвегия парламенти аъзоси Петтер Эйде Black Lives Matter (BLM) ҳаракатини 2021 йилги тинчлик бўйича Нобель мукофотига номзод сифатида илгари сурди, деб хабар беради «РИА Новости».
Парламентарий ўзининг бу каби қарорини BLM’нинг тизимли ўзгартиришларга боғлиқ чақириқлари бутун дунё бўйлаб тарқалгани билан изоҳлаган. Мукофотга илгари суриш аризасида Эйде BLM АҚШдан бошқа мамлакатларни ҳам ирқчиликка қарши курашишга даъват этганини таъкидлаган.
«Менимча, Америкада, шунингдек, Европа ва Осиёда дуч келган асосий муаммоларимиздан бири — бу тенгсизликка асосланган можароларнинг авж олиши бўлди. Black Lives Matter ирқий тенгсизликка қарши курашда дунёдаги энг муҳим ҳаракатга айланди», — дейди Эйде. Унинг фикрича, BLM тарафдорлари ирқий адолатсизлик борасида глобал хабардорликни оширишда улкан ютуқларга эришган.
Шунингдек, Эйде ушбу ҳаракатнинг Америка шаҳарларида содир этилган зўравонликлар ортида тургани тўғрисидаги танқидларни рад этган.
«Текширувлар шуни кўрсатдики, Black Lives Matter томонидан ташкиллаштирилган намойишларнинг аксарияти тинч ўтган», — дея қўшимча қилади парламентарий.
Маълумот учун, АҚШда доимий равишда ирқчилик ва полиция зўравонлигига қарши намойишлар бўлиб туради. Сўнгги йиллардаги энг йирик намойишлар 2020 йил май ойининг охирида Жорж Флойднинг ўлимидан кейин юз берган кўча намойишлари бўлди. Намойишлар мамлакатнинг кўплаб шаҳарларида Black Lives Matter ( «Қора танлиларнинг ҳаёти муҳим») ҳаракати доирасида бўлиб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилда тинчлик бўйича Нобель мукофоти БМТнинг Бутунжаҳон озиқ-овқат дастурига берилган эди.
Изоҳ (0)