АҚШнинг амалдаги президенти Дональд Трамп видеомурожаат билан чиқиш қилиб, 6 январь куни Капитолийда содир бўлган зўравонликни кескин қоралади. Президентнинг баёноти Конгресснинг Вакиллар палатаси Трампга импичмент эълон қилганидан сўнг Оқ уйнинг Twitter ва YouTube’даги саҳифаларида пайдо бўлган.
«Бир нарсани аниқ айтмоқчиман: ўтган ҳафта дуч келган зўравонлигимизни шак-шубҳасиз қоралайман. Зўравонлик ва вандализмга мамлакатимиз ва бизнинг ҳаракатимизда мутлақо ўрин йўқ. ‘Американи яна буюк қиламиз’ — қонун устуворлигини доимо ҳимоя қилиш, эркаклар ва аёлларни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида қўллаб-қувватлаш, энг муқаддас урф-одат ҳамда қадриятларимизни сақлашдан иборат», — дейди Трамп.
Трампнинг таъкидлашича, унинг ҳақиқий тарафдорлари сиёсий зўравонлик, АҚШ байроғи ва ҳуқуқ-тартибот органларига ҳурматсизликни қўллаб-қувватламайди, шунингдек, америкаликларга ҳужум қилмайди.
Беш дақиқали баёнотда Трамп Вакиллар палатасининг ўзига нисбатан эълон қилган импичменти тўғрисидаги қарорини эслаб ўтмаган. Шунингдек, у Капитолийга уюштирилган ҳужум бўйича масъулиятни зиммасига олмаган.
Аввалроқ Америка Конгрессининг Вакиллар палатаси АҚШ президенти Дональд Трампга нисбатан импичмент эълон қилиш учун овоз берди. Конгрессменлар Трампга нисбатан илгари сурилган исёнга даъват қилиш айбловини тасдиқлаган. Масала Демократик партиянинг кўпчилик овози (222 та) билан қабул қилинган, бундан ташқари, Республикачилар партиясининг 10 нафар вакили ҳам Трампга нисбатан импичмент эълон қилинишини маъқуллаб овоз берган.
Изоҳ (0)