АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси амалдаги президент Дональд Трампга нисбатан импичмент эълон қилди. Бундан аввалроқ эса конгрессменларни қўриқлаш учун Капитолийга Миллий гвардия аскарлари келган эди. АҚШ ОАВлари хабар беришича, аскарлар тунни Капитолий биноси полида ўтказган.
Капитолийга ҳужум такрорланишига йўл қўймаслик учун аскарлар бинони ўраб олди, шунингдек, бино ичида ҳам ўз позицияларини эгаллади. Суратларда Капитолийнинг турли қисмларида, шу жумладан, қонун чиқарувчилар томонидан Трампни ҳокимиятдан четлатиш масаласи ҳал қилинаётган мажлислар зали ёнида ерда ухлаб ётган жангчиларни кўриш мумкин.
6 январь куни президент тарафдорлари Капитолийни шиддатли ҳужум билан қўлга олган, шу тариқа, Трамп мағлуб бўлган сайлов натижалари расман тасдиқланадиган мажлисга халақит бермоқчи бўлган эди. Тўқнашувлар оқибатида беш киши ҳалок бўлди. Шу ҳужумдан кейин Капитолийни қўриқлашга Миллий гвардия кучлари жалб қилинди.
Изоҳ (0)