Хитойда 13 январь, чоршанба куни сўнгги 8 ой ичида биринчи бор коронавирус ташхиси қўйилган бемор вафот этди. Бу ҳақда Хитой Соғлиқни сақлаш миллий комиссиясига таяниб «РБК» хабар берди.
Маълумотларга кўра, бемор Хэбэй провинциясида, вирус оқибатида юзага келган асоратлар сабаб вафот этган.
Бундан ташқари, ўтган бир сутка ичида яна 138 кишида коронавирус тасдиқланган. Уларнинг 14 нафари хориждан кириб келган. Хусусан, саккизта ҳолат — Шанхайда, учтаси — Гуандун провинциясида, Пекин, Хэнань провинцияси ва Гуанси-Чжуан автоном туманида — биттадан. Яна 124 та ҳолат ички ҳисобланади: уларнинг 81 таси Хэбэй провинциясида, 43 таши — Хэйлунцзян провинциясида.
Хитойда пандемия бошланганидан буён мамлакатга хориждан келган фуқароларнинг 4465 нафарида коронавирус аниқланган. Уларнинг 4181 нафари соғайган, ҳозирда 284 киши даволанмоқда.
Аввалроқ Хитойда 5 миллион аҳоли яшайдиган шаҳар бир кишида коронавирус аниқлангани сабаб изоляцияга олингани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)